Фаол хотин-қизларга “Итибар-2025” мукофоти топширилди
Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида “Итибар-2025” мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов сўзга чиқиб, йиғилганларни келаётган Янги йил байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, шу асосда уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги фаоллиги ортиб, барча соҳаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш йўналишида кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларимиз моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбирда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллик кўрсатган, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш йўлида самарали фаолият олиб бораётган 17 нафар хотин-қизнинг хизмати баҳоланиб, уларга Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан таъсис этилган “Итибар-2025” мукофоти топширилди.
Шунингдек, “Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли” ва “Йилнинг энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири