“Фаол ҳаётга қадам” дастури амалда
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида яна бир муҳим қадам ташланди. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида янги, замонавий ёндашув асосидаги ижтимоий хизматлар жорий этилмоқда.
Мазкур дастур асосида 18 ёшдан катта бўлган, мустақил ҳаёт кечириш имконияти чекланган, яъни Бартель ва Лаутон шкалалари бўйича 0 дан 53 баллгача баҳоланган фуқароларга турли кўринишдаги ижтимоий хизматлар ваучер асосида бепул кўрсатилмоқда. Бу эса ногиронлиги ёки қаровга муҳтожлиги бўлган фуқароларга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.


Дастур доирасида тақдим этилаётган энг муҳим хизматлардан бири – уй шароитида қараб туриш хизмати ҳисобланади. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ушбу хизмат амалиётга татбиқ этилди. Масалан, Эрмат бобо Маматов айни пайтда 85 ёшда. Илгари унга уйда келини қараб келар эди. Эндиликда ушбу хизмат билан қамраб олинганидан кейин, хонадон эгалари учун катта имконият бўлди.

Ушбу масканда айни пайтда 10 нафар парваришга муҳтож кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатилмоқда.
Масканда кундалик парвариш ва ёрдам кўрсатиш, овқатлантириш, гигиена қоидаларини бажаришда кўмаклашиш, доимий мулоқот орқали психологик кўмак бериш, тюторлик – шахсни ўз-ўзига хизмат кўрсатишга ўргатиш, замонавий технологиялар (телефон, планшет, компьютер)дан фойдаланишга ёрдамлашиш, китоб ўқишга жалб этиш каби хизматлар йўлга қўйилган.

Шунингдек, уй шароитида қараб туриш хизмати Косон туманида ҳам ўз фаолиятини бошлади. Унда 20 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар қамраб олинади. Йил якунига қадар эса яна 3 та кундузги қараб туриш хизмати йўлга қўйилиши режалаштирилган.


“Фаол ҳаётга қадам” дастурининг йўлга қўйилиши – аҳолининг ижтимоий заиф қатламига амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган муҳим ижтимоий ташаббусдир. Мазкур ташаббус ижтимоий хизматлар сифати ва қамровини ошириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳамда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига кўмаклашиш йўлида муҳим қадамлардан биридир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири