Фаластин Aл-Жазира эфирини чеклади
Фаластин маъмурияти Ғарбий Соҳилда Қатарнинг “Aл-Жазира” кўрсатувлари узатилишини тўхтатди, деб хабар берди CNN.
Машҳур телеканал “тартибсизлик қўзғатувчи ва Фаластиннинг ички ишига аралашувчи” жамоа сифатида баҳоланиб, “яллиғланган материаллар” ва “чалғитувчи хабарлар” тарқатишда айбланмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни Фаластиннинг расмий “Wafa” ахборот агентлиги ёзди.
Ҳуқуқий мақоми тўғриланмагунча, “Aл-Жазира” фаолияти тикланмаслиги таъкидланган.
Ўз навбатида, телеканал ушбу чорани қоралаб, бу “босиб олинган ҳудудлар, айниқса Женин шаҳри ва шу ҳудудда жойлашган лагердаги воқеалар ҳақидаги ҳақиқатни яширишга уриниш” деб атади.
– Мазкур қарор Фаластин маъмурияти ҳомийлигидаги ташкилотлар томонидан журналистларимизга нисбатан давом этаётган гиж-гижлаш ва қўрқитиш кампаниясидан сўнг қабул қилинди, – дейилган баёнотда.
Телеканал расмийлардан тақиқни бекор қилиш ва суратга олиш гуруҳларига мамлакатдаги воқеаларни ёритишда давом этишига рухсат беришни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳам “Aл-Жазира” телеканали эфири мамлакат бўйлаб узатилишини ман этган эди.