Эзгуликнинг зиёбахш фаришталари
Қадри билинади энди менга гоҳ,
Оддий мактабимнинг ўша беҳашам,
Навоий-ку бизга устоздир, бироқ,
Кимдир ўқитган-ку Алишерни ҳам!
Шундай буюк зотга ҳарф ўргатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Қачон қалби, тафаккуридан юрар йўллари, ён атрофига зиё сочилиб яшайдиган инсонлар ҳақида ёзмоқчи бўлсам, ҳаёлимга доим Муҳаммад Юсуфнинг ушбу сатрлари келаверади. Жонкуяр ва фидойи ўқитувчи, ўқувчиларнинг севимли устози Гулбаҳор опа Ҳамдамованинг таснифига ушбу сатрлар анчайин мос келади. Бунда ҳеч бир муболаға йўқ. Ёш авлодни умуминсоний ва миллий қадриятларга садоқат, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаётган устоздек улуғ зотларнинг олдида барчамиз бирдек қарздормиз, албатта. Улардан ибрат олишга интиламиз ва у бизнинг идеалимизга айланиб қолади.
Кўпчилик мактабни битирган ёшлар ўзига таьлим берган ўқитувчисини “домла” деб чақириши одат тусига кирган. Аммо тенгқурларим билан анча йил олдин катта ҳаётга “учирма” бўлган эсак-да, ўқитувчиларимизни ҳалиям “устоз” деб чақирамиз. Бундан сира уялмаймиз ҳам. Чунки унинг муаллимлиги қалбимизга муҳрланиб қолган. Чунки у бизга жаҳлини доскага бўрни қаттиқ-қаттиқ теккизиб ёзиш билангина ифодалай олган, меҳрини биргина жилмайиши билан туҳфа этган. Унинг бошқа номи бўлиши мумкин эмас…

Бугунги кунда ўзининг эллик икки баҳорини қаршилаётган, қарийб ўттиз йилдан бери ёшларга сабоқ бериб келаётган устознинг ҳаёт йўллари битилган дафтарини варақлар эканмиз, қалбимизда ҳавас туйғуси уйғонади. 1993 йилда Тожикистон Республикасидаги Қўрғонтепа Давлат университетининг “Математика” факультетини муваффақиятли тамомлаб, азим сурхон воҳасининг Денов туманидаги 32-мактабда ўқувчиларга дарс ўта бошлади. Бир-биридан илмли, заковатли шогирдлар тайёрлаб, ҳамкасбларининг ишончини қозона олди. 1995 йилдан буён эса Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 20-мактабда ўз фаолиятини давом эттириш баробарида мактабдаги 6-”Ф” синфига ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда. Ўқитувчилар ўртасида ўтказилган қатор танловларда, жумладан, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик танловларида қатнашиб совринли ўринларни қўлга киритди. У киши ўқитувчилик билан бир қаторда ўзининг бадиалари ва публицистик мақолалари билан матбуот саҳифаларида тез-тез кўзга кўриниб туради. Мактаб ва туман миқёсида ўтказиладиган турли маданий–маърифий тадбирларнинг ташкилотчиси ва фаол аьзоси. Синфидаги аълочи ўқувчилари бўлмиш Тимур Абдурашидов, Паризода Ражабова, Шерзод Шерободов, Кумушбиби Абсатторова, Гўзал Шокироваларнинг исмларини айтиб доим фахрланади.

–Қаердадир ўқиган эдим, бир йилдан кейин даромад олмоқчи бўлсанг чорвачилик билан шуғуллан, ўн йилдан кейин даромад олмоқчи бўлсанг боғ ярат, агарда юз йиллар давомида даромад кўришни истасанг илм иста, -дейди ҳикоямиз қаҳрамони Гулбаҳор опа Ҳамдамова. –Бугун биз тарбиялаб, илм ўргатаётган ёшларимиз эртамизнинг эгаларидир. Биз устозлар эса келажакка тамал тоши қўймоқдамиз, нурли келажак сари одимлаяпмиз. Масъулият ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Бугунги давр биз ўқитувчилардан ўз устида мустақил тинимсиз изланишни, ўтилаётган дарсларда янги технологияларни методик усулда қўллашни ва албатта ўқувчининг онгига замонавий билимларни сингдиришликни талаб этмоқда. Биламизки, авваллари кўпгина таълим даргоҳларида зарур ўқув қуроллари ва сифатли дарсликлар етишмас эди. Қишлоқ ёшлари асосан эски ва таъмирталаб мактабларда савод чиқаришган. Энди ҳозирги яратилган шароитларни кўриб кўз қувонади. Шинам ва ёруғ синф хоналар, сўнгги русумда жиҳозланган лаборатория хоналари, замонавий спорт заллари ўқувчилар ихтиёрида. Бир сўз билан айтганда, Учинчи ренессанс сари одимлаётган Янги Ўзбекистон ёшларининг иқболи баланд бўлгай.
Ҳа, унинг сабри тоғлардан-да баланд, мурғак шогирди инжиқликларини кўтаради, жилмайиб бошини силаб, ёш юракларнинг илк меҳрига сазовор бўлади. Улар тўп-тўп бўлиб, изларидан эргашиб юришади. “Устоз” деб мурожаат қилишади
Ёш юраклар муҳаббатига сазовор бўлган инсон энг бахтли инсондир. Шу инсоннинг нур ёғилиб турган чеҳраси шогирдлар юрагида абадий мухрланиб қолади. Зеро, буюк шоирлар ҳам энг шоҳ сатрларини дастлаб мана шу инсонларга бағишлаган:
Не одам бўлардим, қўлимда китоб,
Бирор ҳарф танимай турсайдим лоқайд.
Сиз-ку “Алифбо”дан “Қомус”гача то,
Бари-барисини танитган устоз.
Дунёда мансаблар, саодат шоҳсупасига чиққанлар ниҳоятда кўпдир, лекин улар ҳам устозлари олдида ҳамиша қарздордирлар. Фақат угина ўзи етолмаган, аммо шогирди етган иқболга чин дилдан севина олади. Фақат угина уйқусиз ўтган тунлари, чеккан заҳматларини миннат қилмайди. Фақат унинг меҳр-у муҳаббати беғараз. Шундай зотни улуғламай бўладими? Борлиқдаги жамики яхшиликлар насиб этсин сизга устоз. Байрамингиз муборак бўлсин!Дунёда мансаблар, саодат шоҳсупасига чиққанлар ниҳоятда кўпдир, лекин улар ҳам устозлари олдида ҳамиша қарздордирлар. Фақат угина ўзи етолмаган, аммо шогирди етган иқболга чин дилдан севина олади. Фақат угина уйқусиз ўтган тунлари, чеккан заҳматларини миннат қилмайди. Фақат унинг меҳру муҳаббати беғараз. Шундай зотни улуғламай бўладими? Борлиқдаги жамики яхшиликлар насиб этсин сизга устоз. Байрамингиз муборак бўлсин!
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА