Европалик аграр соҳа олимлари Самарқандга келди
Давлатимиз раҳбарининг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таклифига биноан Австрия, Венгрия, Германия ва Италия давлатларидан аграр соҳада фаолият юритувчи олимлар делегацияси мамлакатимизга келди.
Хорижлик олимлар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ҳам бўлиб, ўқитувчи ва талабалар билан учрашди.
Хорижлик профессор-олимлар – Ральф Джорж, Георг Лукачсий, Истван Ипач-Сабо аграр соҳада таълим олаётган талабаларни узум кўчатларини етиштиришда Венгрия технологияси, узумзорлар дизайни ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари мониторингининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек агротуризмни ривожлантиришда вино ишлаб чиқарувчиларнинг роли каби бир қатор мавзулар билан таништирди.
– Аграр соҳада хориж тажрибасини ўрганиш, Ўзбекистон шароитида уни амалиётга жорий этиш долзарб масалалардан бири, – деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. – Келажакда бизда ҳам чет элдагидек “Смарт қишлоқ” лойиҳалари амалиётда қўлланилади. Масалан, тадбиркор технологиялар ёрдамида уйидан туриб ҳам даласини суғора олади. Бунинг учун шу тизимни қўллаган ва ундан самарали фойдаланиб келаётган давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим ҳисобланади. Меҳмонларнинг филиалдаги учрашувлари айни шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Европалик олимлар Самарқанд вилоятидаги узумчилик хўжаликлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, соҳа вакиллари билан ўзаро фикр алмашди.


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА