Европа орзуси йўлида яна инсонлар ҳалок бўлди
Ўрта Ер денгизида яна бир муҳожирлар фожиаси содир бўлди. Мальта соҳили яқинида муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ ағдарилди. Оқибатда 10 киши ҳалок бўлгани аниқланди. Қутқарув амалиёти давом этаётгани боис, қурбонлар сони ортиши мумкинлиги истисно қилинмаяпти.
Италия соҳил қўриқлаш хизмати маълумотига кўра, Ливиядан йўлга чиққан қайиқ саҳнида тахминан 60 нафар одам бўлган. Ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, Мальта томони қўшни давлатлардан ёрдам сўраган. Шундан кейин денгизда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари бошланган.
Дастлабки маълумотга кўра, ҳудуддаги балиқчи кема 48 нафар тирик қолганларни сувдан олиб чиққан. Италия қутқарувчилари эса ҳозиргача 10 кишининг жасадини топган. Қолган йўловчилар тақдири бўйича аниқ маълумот ҳозирча йўқ.
Фожиа Мальтадан жануби-шарқ томонда, тахминан 83 километр масофада содир бўлган. Бу ҳудуд Африкадан Европага етиб олиш илинжидаги муҳожирлар энг кўп фойдаланадиган йўналиш ҳисобланади. Афсуски, мазкур йўналиш дунёдаги энг хавфли денгиз йўлларидан бири сифатида ҳам танилган.
Халқаро миграция ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, жорий йил бошидан буён Ўрта Ер денгизи марказий қисми орқали Европага ўтишга уринган 827 киши ҳалок бўлган. Ўтган йил ушбу кўрсаткич 1300 нафардан ошган эди. Мутахассислар муҳожирлар оқими ва хавфли сафарлар ҳамон жиддий гуманитар муаммо бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА