Европа иккига бўлиняптими? Россия масаласида янги баҳс
Брюсселдаги ЕИ саммитида кутилмаган дипломатик қадам асосий мавзуга айланди. Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта Россия билан алоқага киришиш ташаббусини ҳимоя қилди. Гап музокара бошлаш эмас, балки келажакда эҳтимолий тинчлик жараёни учун шароит мавжуд ёки йўқлигини аниқлаш мақсадини кўзлаган қисқа дипломатик мулоқот ҳақида кетяпти. Бинобарин, бу қарор қитъа давлатлари билан олдиндан келишилмагани баҳсга сабаб бўлди.
Маълум бўлишича, Кошта маъмурияти Кремль вакили билан бир неча бор телефон орқали гаплашган. Кремль – Россия Президенти ва олий давлат раҳбарияти фаолият юритадиган, сиёсий қарорлар қабул қилинадиган марказ ҳисобланади. Европа расмийлари таъкидлашича, суҳбат чоғида уруш ёки эҳтимолий шарт масаласи муҳокама қилинмагани, асосий мақсад РФ қарашини тушуниш ва эҳтимолий мулоқот имкониятини баҳолашдан иборат бўлган.
Мазкур ташаббус Европа давлатларида турли муносабат уйғотди. Бельгия, Словения ва Австрия раҳбарлари мулоқот канали очилишини қўллаб-қувватлади. Улар ҳар қандай дипломатик имконият келажакдаги тинчлик жараёни учун муҳим бўлиши мумкинлигини қайд этди. Польша, Болтиқ бўйи давлатлари ва шимолдаги мамлакатлар эса бундай қадам учун ҳали вақт келмаганини билдирди.
Муҳокама яна бир ҳақиқатни юзага чиқарди: Европа Россияга нисбатан ягона ёндашув шакллантиришга ҳамон қийналмоқда. Айрим давлатлар мулоқот зарур, деб ҳисобласа, бошқалар босим сиёсати давом этиши лозимлигини айтади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Европа тинчлик жараёнида фаол иштирок этиши зарурлигини бир неча бор такрорлаган. Кузатувчилар фикрича, Коштанинг ташаббуси айнан шу чақириққа жавоб сифатида баҳоланмоқда. Фақат лойиҳа ЕИ даражасида қўллаб-қувватловга эришиши ҳозирча очиқ қоляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА