“Euronews”: Ўзбекистон халқаро туризм харитасида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда
"Euronews" нашри юртимизда туристлар оқимининг ўсиши, транспорт алоқалари кенгайиши ва саёҳат талабларининг енгиллаштирилиши хусусида таҳлилий мақола эълон қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи чорагида ўлкамизга халқаро ташрифлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ошган. Ўзбекистон 2025 йилда рекорд даражада – 11,7 миллион нафар хорижий меҳмонни қабул қилди. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида эса мамлакатга 7,7 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ келди. Туризм хизматлари экспорти қарийб 3,5 миллиард еврога етди. Бу рақамлар соҳа мамлакат иқтисодиётида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
Нашр эътибор қаратган асосий йўналишлардан бири — туризм бизнесини рағбатлантириш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш. 2026 йилги очиқ туризм мавсуми доирасида янги йўналишларни йўлга қўйган авиакомпанияларга ҳар бир олиб келинган хорижий сайёҳ учун 89 евро субсидия ҳамда аэропорт хизматларига 20 фоиз чегирма таклиф этилган. Туроператорлар учун ҳам хорижий бозорлардан сайёҳлар жалб қилишга қаратилган молиявий рағбатлар белгиланган.
Транспорт имкониятларининг кенгайиши Самарқанд халқаро аэропорти мисолида ҳам кўринади. Аэропортнинг тижорат директори Дмитрий Мартненко маълум қилишича, йўловчилар оқими 2022 йилдан буён уч баробар ошган. 2025 йилда аэропорт 1,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатган, 24 та авиакомпания эса 30 та йўналишда парвозларни амалга оширган.
– Ҳозирда авиақатновларни янада ривожлантириш устида фаол ишлаяпмиз, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё давлатларига ҳам янги йўналишларни очишни режалаштиряпмиз, — деган Д.Мартненко “Euronews”га берган интервьюсида.
Темирйўл қатновлари ҳам сайёҳлар учун мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни осонлаштирмоқда. Хусусан, “Жалолиддин Мангуберди” поезди Тошкентдан Хивагача бўлган сафар вақтини 14 соатдан 7,5 соатга қисқартирди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти эса юқори тезликдаги қатновлар географиясини кенгайтиришни мақсад қилган.
Сайёҳлик бозорини кенгайтиришда визасиз режимлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Нашр маълумотига кўра, 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга турли муддатларга визасиз кириши мумкин. Хитой билан ўзаро 30 кунлик визасиз режим жорий этилганидан кейин хитойлик сайёҳлар оқими ҳам сезиларли ўсган. Туризм қўмитаси вакилининг айтишича, 2025 йил охирига келиб, Хитойдан келган сайёҳлар сони 2023 йилга нисбатан олти баробардан кўпроқ ошган.
Диёримизда туризмни фақат Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар билан чеклаб қўймасликка ҳам эътибор қаратилмоқда. 50 дан ортиқ туризм қишлоқлари ва маҳаллалари ривожлантирилган, тоғли ҳудудларда янги дам олиш масканлари ташкил этилмоқда. Бу ташаббуслар сайёҳликдан тушадиган даромадни ҳудудларга кенгроқ тақсимлаш, маҳаллий меҳмон уйлари, ҳунармандлар, гидлар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган туризм стратегиясига кўра, республикамизга йилига 20 миллион нафар хорижий сайёҳни жалб қилиш, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш ва туризм хизматлари экспортини 6 миллиард долларга ошириш кўзда тутилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА