Еттита олийгоҳимиз 17 та фан бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кирди
Олий таълим имкониятларининг кенгайиши натижасида талабалар сони 1 миллион 600 мингга етди. Еттита олийгоҳимиз 17 та фан бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кирди. Университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилди.
Шу билан бирга, Президентимиз ректорлар олдига кескин савол қўйди:
“Олийгоҳдаги дарсликларнинг мазмуни бугунги кун талабига қанчалик мос?”.
Давлатимиз раҳбари бу саволга ҳозирча ижобий жавоб йўқлигини таъкидлади.
Йигирма иккита муҳандислик олийгоҳи бирлашиб, муаллифлар жамоаларини тузиши, хорижлик ҳамкорлар билан ишлаши, ҳар йили 25-30 та янги ўқув адабиётини яратиши ёки илғор китобларни таржима қилиб, мослаштириши мумкин.
Трансплантология, робот хирургияси, кам инвазив жарроҳлик ва биомуҳандислик жадал ривожланмоқда. Ўн битта тиббиёт олийгоҳи ҳам шу йўналишлар учун замонавий адабиётлар тайёрлашни кечиктирмаслиги керак. Олийгоҳлар таълим сифати ва мутахассислар малакасида ҳали кескин ўзгариши зарур.
ЎзА