Еттишаршара ҳақида эшитганмисиз?
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Қалқама ҳудудида жойлашган Тарағай қишлоғи ҳақида кўпчилик эшитган. Соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодир номи билан аталувчи бу маскан нафақат тарихий аҳамияти, балки бетакрор табиати билан ҳам кишини ўзига ром этади. Тоғлар бағрига яширинган бу қишлоқ атрофида темурийлар даври билан боғлиқ кўплаб тарихий излар сақланиб қолган.
Бироқ Тарағайнинг яна бир сири бор. Бу табиатнинг ноёб инъоми саналмиш, кўпчиликка ҳали яхши таниш бўлмаган Еттишаршарадир.
Бу галги саёҳатимиз айнан шу мўъжизавий манзил сари йўл олди.

Тарағай қишлоғининг сўнгги хонадонларигача автомобилда етиб боргач, саёҳатнинг энг қизиқ қисми – тоғ йўллари бошланади. Олдинда баландликка элтувчи сўқмоқлар, атрофда эса баҳор нафаси билан тўлган табиат. Йўл давомида тошдан-тошга урилиб, мусиқа каби жаранглаб оқувчи Тарағай сойи ҳамроҳ бўлади. Салқин ва мусаффо ҳаво, тоғ гиёҳларининг ўзига хос хушбўй ҳиди, юзларга урилган майин шабада инсонни кундалик ташвишлардан узоқлаштириб, табиат қўйнига чорлайди.

Йўл-йўлакай учраган зилол булоқлардан чанқоқ босилади. Қоялар орасида отилиб чиққан муздек сув гўё тоғларнинг қалбидан сизиб чиққан ҳаёт манбаидек туюлади. Бу ерларда баҳор бироз кечроқ келгани учун ўт-ўланлар ҳали ҳам ўзининг яшил либосини ечмаган. Атрофни қуршаган салобатли қоятошлар эса неча асрлардан буён шу ерда туриб, тарихнинг тилсиз гувоҳига айлангандай.

Бироздан сўнг кенг йўллар тугайди ва торгина сўқмоқлар бошланади. Баландликка кўтарилган сари узоқдан сувнинг шовуллаган овози эшитилади. Бу овоз саёҳатчини манзилга етакловчи табиий қўнғироқ каби жаранглайди. Ниҳоят, бир нечта улкан тол дарахтлари соя ташлаб турган бағирда Еттишаршара намоён бўлади.
Кўз олдимизда ҳақиқий табиат мўъжизаси гавдаланади. Қояларга урилиб пастга интилаётган сув томчилари қуёш нурларида товланиб, атрофга майин туман сочади. Унинг зарралари юзга урилиб, ёқимли салқинлик бағишлайди. Шаршаранинг оқими худди келинчакнинг қирқ кокилидек майдаланиб, тошлар бағридан таралиб тушади.
Еттишаршара деб аталишининг сабаби ҳам шунда – сув оқими зинасимон жойлашган еттита тош қаватидан ошиб ўтиб, пастга қараб оқади. Тахминан ўн беш метр баландликка эга бўлган ушбу табиат ёдгорлиги, айниқса, баҳор ойларида ўзининг энг гўзал қиёфасини намоён этади. Қор ва ёмғир сувлари ҳисобига тўлган шаршара улкан куч билан шовуллаб оқади. Ёзнинг охирларига бориб эса сув миқдори камайиб, унинг оқими анча сокинлашади.

Еттишаршара нафақат саёҳатчилар, балки табиатнинг беқиёс гўзаллигини ҳис қилишни истаган ҳар бир инсон учун ажойиб манзилдир. Бу ерга келган киши тоғлар сукунати, булоқлар мусиқаси ва шаршаранинг бетакрор шовқини билан бир муддат бўлса-да, табиат билан ёлғиз қолади. Балки шунинг учун ҳам Еттишаршарани кўрган инсон уни яна бир бор зиёрат қилиш истаги билан қайтиб кетади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири