ЕТТБ Ўзбекистон банкларини трансформациялашда иштирок этади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчи директори Франсис Малиж бошчилигидаги делегация аъзоларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди. Мулоқотда Молия вазирлиги мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, ЕТТБ раҳбарияти пандемия юмшагандан кейин илк ташрифни мамлакатимизга амалга оширди. Жаноб Малижнинг эътироф этишича, бу ҳолат дунёнинг энг нуфузли молиявий ташкилотларидан бири ҳисобланган мазкур банкнинг Ўзбекистонга нисбатан юксак ишончи, алоҳида эътиборидан дарак беради. Меҳмонлар тузилманинг республикамиз билан шериклиги билан боғлиқ жорий ҳолат ҳақида маълумот бераркан, айни пайт ЕТТБ “Асака” акционерлик тижорат банки ва АТ “Алоқабанк” билан самарали мулоқотни йўлга қўйгани, бу йўлда муайян натижаларга эришилганини қайд этди. Ҳамкорлик жараёнида асосан, кредитлаштириш сифатини ошириш, нарх сиёсатини тўғри белгилаш орқали мижозлар учун қулай, адолатли фаолият олиб боришга урғу берилишини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон банк тизимини ривожлантириш истиқболи атрофлича муҳокама қилинди, томонлар тижорат банклари, хусусан, “Асака” банки ва “Алоқабанк”ни трансформациялаш жараёнига алоҳида эътибор қаратдилар.
[gallery-353]
Мазкур банкларда ўтказилган таҳлиллар натижаларига асосланиб, ЕТТБ мутахассислари ушбу банкларни трансформациялаш бўйича сценарий ишлаб чиқиши қайд этилди.
Учрашувда ЕТТБ Марказий банкнинг тижорат банклари капиталлашувини ошириш, янада ишончли ўсишига эришиш ва иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш сифатини яхшилаш, шу жумладан, банклар капитали таркибига янги хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилган стратегиясини қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Айни жараённинг муваффақиятли амалга ошиши ЕТТБ Ўзбекистон банк тизимида ҳар томонлама ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришига имкон беради.
Мулоқот якунида томонлар давлат улуши мавжуд бўлган банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш ва трансформациялаш йўналишида самарали ҳамкорлик қилиш фикрини маъқулладилар. Марказий банк раҳбарияти, ўз навбатида ЕТТБ билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан тижорат банклари фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда лозим бўладиган ҳар қандай кўмак кўрсатилишига ишонч билдирди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА