Эътироф ва эъзозга муносиб касб эгалари
Дунёдаги энг бебаҳо бойлик – ақлу заковат, илм ва боқий мерос – яхши тарбияни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлар ҳар қанча шарафу эъзозга муносиб.
Дунёдаги энг бебаҳо бойлик – ақлу заковат, илм ва боқий мерос – яхши тарбияни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлар ҳар қанча шарафу эъзозга муносиб.

Янги Ўзбекистоннинг бугунги истиқбол одимларида, жамият ҳаётидаги ўзгаришлар, ислоҳотларни рўёбга чиқариш ва янгиланишлар жараёнида таълим соҳаси вакиллари муносиб меҳнат қилмоқда. Улар нафақат маърифат боғининг боғбонлари, келажак бунёдкори, ёш авлодни илму маърифат билан юксак марралар сари етаклаётган фидойилар, балки ислоҳотларнинг фаол иштироечисидир.

Наманганда вилоятдаги таълим тизимида кўп йиллар меҳнат қилган фахрий педагоглар, маорифчилар, устоз-муаллимлар, халқ таълими тизими ходимлари, мактабгача таълим, ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фидойи устоз-муаллимлар, спорт муассасалари мураббийлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Президентимизнинг фидойи ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Муаллимларнинг касб байрами олдидан давлатимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медалларга сазовор бўлган таълим соҳасининг 12 нафар жонкуярлари қутланди.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 сентябрдаги фармони билан таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўқувчиларга илм-фан асослари ва жамонавий касб-ҳунарларни ўргатиш ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун тақдирланган ўқитувчи ва мураббийларга давлат мукофотлари топширилди.
Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар биргина, Наманган вилояти мисолида, йил сайин ўз ижобий самараларини бермоқда. Хусусан, узоқ йиллар давомида ривожланишдан ортда қолган таълимнинг дастлабки бўғини – мактабгача таълимда бундан беш йил аввал 24 фоизлик қамровда қолиб кетган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 70,1 фоизга етди. Болалар боғчалари сони 472 тадан 2 минг 556 тага, уларда тарбияланаётган фарзандларимиз эса, 49 минг 918 нафардан 171 минг 240 нафарга ортган.
Қолаверса, вилоятдаги 712 та мактабда фаолият юритаётган 38 мингдан зиёд устоз-мураббий 509 мингдан ортиқ ўқувчига билим беришда таълим сифати ва мазмунига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Дарвоқе, тизимда шу йилнинг ўзида тўққизта, ўтган беш йил давомида эса 26 та янги мактаб қуриб фойдаланишга топширилди. Айни пайтда соҳа фидоийлари орасидан 65 нафар ўқитувчи “Халқ таълими аълочиси”, 15 нафари эса “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони, саккиз нафари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам сезиларли. Бунинг ёрқин исботини, биргина, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар сони 89 тадан 177 тага ортгани, кафедралар сони 67 тадан 94 тага, факультетлар сони 13 тадан 28 тага кўпайганида кўриш мумкин. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиши 30 нафардан 207 нафарга, ихтисосликлар сони эса 58 тага етказилди. Вилоятдаги учта олий ўқув юртида илмий даражалар берувчи 10 та ихтисослашган илмий кенгаш ташкил этилди.
- Тўрақўрғон туманининг чекка ва олис ҳудуди - Ахси қишлоғидаги 22-сонли умумтаълим мактабида 25 йилдан буён физика фани ўқитувчиси бўлиб, фаолият юритиб келмоқдаман, - дейди Президент фармони билан “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилган Дилобархон Абдуллаева. - Мактабимиз реконструкция қилиниб, марказдаги илм масканларидан қолишмайдиган даражага етказилди. Касбимга янгича ёндашув, янгича фикрлаш ва қалб қўърим, бор меҳр билан ёндошаман. Камтарона меҳнатларим юксак даражада қадрланганидан хурсандман.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА