"Эътироф" мулк ҳуқуқига қонуний кафолатдир
Фуқароларни йиллар давомида сарсон қилган ер ва кадастр билан боғлиқ муаммоларига чек қўйиш, аҳолининг ўз уйи ва заминига қонуний эгалик қилишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шу муносабат билан Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш борасида манзилли ва комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси маълумотига кўра, кадастр муҳандислари томонидан маҳаллабай ўтказилган ўрганишлар натижасида “Эътироф” ахборот тизимига киритилган 14 минг 364 та объектга нисбатан эгалик ҳуқуқи расман эътироф этилди.
Мулк ҳуқуқи эътироф этилган объектлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори кўрсаткичлар Чиноз туманида 1 минг 403 та, Бекобод туманида 1 минг 390 та, Ангрен шаҳрида 1 минг 362 та, Ўрта Чирчиқ туманида 1 минг 272 та ва Оққўрғон туманида 1 минг 235 тани ташкил қилди.

Ҳозирги кунда хатловдан ўтказилган яна 96 минг 9 та объект бўйича тегишли босқичларда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 19 минг 599 та объект кўриб чиқиш жараёнида, 6 минг 309 таси бўйича қарздорлик мавжуд, 1 минг 267 таси эълонга чиқарилган, 22 минг 96 таси Адлия вазирлиги органларида, 30 минг 726 таси таҳрирлаш босқичида, 916 таси қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ва 710 таси Давлат кадастрлари палатасида турибди.
Шу билан бирга, қонунчилик талабларига мувофиқ келмагани боис 1 минг 461 та объект бўйича рад этиш хулосаси қабул қилинган (шундан, 163 таси муҳофаза этиладиган ва тақиқланган ҳудудларга тўғри келади). Яна 4 минг 870 та объект юзасидан белгиланган тўловлар бажарилиши кутилмоқда.
– Кадастр хизмати ходимлари томонидан маҳаллаларда тарғибот тадбирлари билан бир қаторда, вилоят Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда тасдиқланган режа-график асосида мунтазам сайёр қабуллар ташкил этилмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси раҳбари Жасур Ахроров. – Хусусан, Пискент тумани Лола ариқ маҳалласида ўтказилган учрашувда фуқаро М.Расулованинг амалдаги ер майдони билан ҳужжатлардаги тафовут ҳамда қўшниси билан кўп йиллардан буён давом этаётган низоли масаласи масъуллар томонидан жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Бу каби қабулларда фуқаролардан асосан ортиқча эгалланган ер майдонлари, кадастр ҳужжатларининг йўқлиги ва уларни расмийлаштириш бўйича мурожаатлар тушмоқда. Ҳар бир мурожаат бўйича мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, хатлов ишлари тасдиқланган қатъий режа-жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда. Шу сабабли хатлов муддати йилнинг кейинги даврига режалаштирилган маҳалла ёки хонадонлар бўйича белгиланган вақтни кутиш талаб этилади. Ҳозирда 2026 йил учун мўлжалланган манзилли режа-жадвал бўйича хатлов тадбирлари изчил давом этмоқда. Фуқаролар ўз ҳудудидаги режа-жадвал билан etirof.kadastr.uz очиқ портали орқали танишишлари мумкин.
Муайян сабабларга кўра хатлов рўйхатидан четда қолган хонадон эгалари эса ҳудудий кадастр идораларига бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга.

Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва кўчмас мулк бозорида ҳуқуқий мустаҳкамликни таъминлашга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА