Эстониянинг ERR миллий телерадиокомпаниясида кўҳна Бухоро
Қадимий ва боқий Бухоро яна бир бор халқаро эътибор марказида бўлди. Юртимизнинг бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари, асрлар давомида сайқал топган миллий анъаналари ҳамда ноёб гастрономик меросини кенг тарғиб этиш мақсадида Эстониянинг ERR миллий телерадиокомпанияси ижодкорлари Бухоро вилоятида бўлиб, махсус ҳужжатли фильмни тасвирга олди.
Мазкур лойиҳа орқали дунё жамоатчилигига Бухоронинг кўп асрлик тарихи, маданий мероси ва меҳмондўст халқи ҳаётини янада яқиндан танитиш кўзда тутилган. Суратга олиш ишлари давомида ижодий гуруҳ шаҳарнинг энг машҳур ва қадимий қадамжоларида бўлиб, уларнинг бетакрор тарихи ва меъморий ечимларини камерага муҳрлади.

Жумладан, дунё цивилизациясининг ноёб дурдоналаридан бири саналган “Арк” қўрғони, асрлар давомида Бухоро ҳаётининг маркази бўлиб келган “Лаби Ҳовуз” ансамбли, юксак салобати билан сайёҳларни мафтун этадиган “Пойи Калон” мажмуаси, қадимий савдо тоқлари ҳамда Тим Абдуллахон каби маданий мерос объектларида тасвирга олиш ишлари амалга оширилди.

Бухоро нафақат тарихий обидалари, балки ўзининг миллий таомлари билан ҳам машҳур. Шу боис фильм ижодкорлари учун ҳудуднинг гастрономик анъаналарига бағишланган махсус маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Айниқса, ўзининг бетакрор таъми ва тайёрланиш усули билан машҳур бўлган “Ғиждувон шашлиги” ҳамда Бухоронинг қадимий миллий таомларидан саналувчи “Оши софи” тайёрланиши жараёни меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Миллий ошхона — халқнинг тарихи, турмуш тарзи ва қадриятларининг ажралмас қисми. Бухоро таомларида ҳам асрлар давомида шаклланган анъаналар, меҳмондўстлик ва миллий руҳ яққол намоён бўлади. Хусусан, тандирда пиширилган хушбўй гўштлар, зираворларга бой палов ва қадимий рецептлар асосида тайёрланадиган таомлар сайёҳлар қалбида унутилмас таассурот қолдиради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатли фильмнинг Бухорога бағишланган махсус сони жорий йил октябрь ойида ERR телеканали орқали намойиш этилиши режалаштирилган.
Бу эса нафақат Бухоронинг халқаро туризм нуфузини янада оширишга, балки Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини жаҳонга кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Қадимий Бухоро эса ўзининг бетакрор жозибаси, муқаддас қадамжолари ва меҳмондўст халқи билан дунё аҳлини янада мафтун этишда давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири