Эски шифохона ўрнида замонавий тиббиёт маскани қад ростлади
Гулистон туманида собиқ сил касалликлари шифохонаси биноси ўрнида замонавий тиббиёт маскани барпо этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган реконструкция ишлари натижасида эски бино тўлиқ қайта таъмирланиб, замонавий 12-сонли оилавий поликлиника сифатида фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Умархўжа Янгиер” МЧЖ томонидан бажарилиб, жараёнда 40 нафар ишчи-ходим ҳамда 5 та махсус техника иштирок этди.
Фурқат маҳалласи ҳудудида жойлашган янги тиббиёт муассасаси эндиликда Олтин водий, Фурқат ва Шарқ ҳақиқати маҳаллаларида истиқомат қилувчи 9 минг нафардан ортиқ аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатади.
Очилиш маросимида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу тиббиёт маскани аҳоли учун узоқ йиллар кутилган муҳим ижтимоий объект эканини таъкидладилар.
Маълум қилинишича, аввал муассаса эски, тор ва бир қаватли бинода фаолият юритиб келган бўлиб, тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари чекланган эди. Янги реконструкция натижасида эса замонавий инфратузилма, кенг ва ёруғ хоналар, замон талабларига мос хизмат кўрсатиш тизими яратилди.
[gallery-29113]
– Ушбу бино реконструкция қилиниб, бизнинг ихтиёримизга берилгунига қадар эски, бир қаватли оилавий поликлиникада фаолият олиб борганмиз. Энг ачинарлиси, у ерда хоналар етишмаслиги сабаб бир хонада икки нафар шифокор, яна бир хонада эса тўрт нафар патронаж ҳамшира иш олиб борган. ЭКГ ва физиотерапия кабинетлари битта хонада жойлашган, лаборатория ҳақида эса гапирмаса ҳам бўларди. Президентимизга раҳмат, у кишининг тиббиёт соҳасига қаратган эътиборлари туфайли биз икки қаватли, барча шарт-шароитга эга бинога кўчдик. Қулайликни айтмайсизми — хоналар кенг, ёруғ ва шинам. Ҳар бир шифокор, ҳар бир ҳамшира учун алоҳида хона, лаборатория, аёллар ва эркаклар учун алоҳида бўлимлар, оналар ва болалар хоналари мавжуд. Албатта, бундан қувонмай бўладими, – дейди 12-сонли оилавий поликлиника мудири Икром Кенжаев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири