Эртани ўйлаганлар бугун ҳаракат қилиши керак
Ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамма вақт, ҳамма замонларда энг муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Оилада ҳам, жамиятда ҳам бунга жиддий эътибор қаратилган.
Ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамма вақт, ҳамма замонларда энг муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Оилада ҳам, жамиятда ҳам бунга жиддий эътибор қаратилган. Тўғри-да ёшлар эртанинг эгалари. Уларнинг бугунги ҳаракати, илм олиб, мутахассис бўлиши ёки ҳунарманд, тадбиркор бўлиб, бирор бир ишнинг бошини тутиши аввало ўша оиланинг келажагини, қолаверса, жамиятдаги барқарорликни, давлат тараққиётини белгилайди. Ёшлар – жамиятни ҳаракатлантирувчи куч, деб бежиз айтилмайди. Жамиятни қай тарзда ҳаракатга келтириши эса уларнинг бугунги орзу-ўйлари, мақсад-муддаоларига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан масалага қарасак, бугун мамлакатимизда Президентдан бошлаб маҳалла оқсоқолигача – барча даражадаги раҳбарлар ёшларнинг бугуни ва эртасига жиддий эътибор қаратаётганига амин бўламиз.
Жорий йил бошида юртимизда ёшларнинг бандлик даражасини ва давлат раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш борасида янги ҳаракат бошлангач, бу ишлар янада жонланди.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ҳар бир сектор, ҳудуд бўйича йўл хариталари тузилиб, уларнинг ижросига киришилди. Бошқача айтганда, жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч учун бутун жамият ҳаракатга келди.
– Бу ташаббус давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилди ва бутун мамлакат бўйлаб ёйилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши масъул ходими Олим Эшқулов. – Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг шу йил февраль ойида ўтказилган сессиясида Самарқанд вилоятида 2020 йилда ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчилик фаолиятига жалб этиш ва ёшлар миграциясини тўғри ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда вилоятдаги иш билан банд бўлмаган 26 минг нафардан ортиқ ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, ҳал қилиш бўйича чоралар белгиланди. Айни пайтда бу йигит-қизларнинг ҳар бирига муносиб иш таклиф этилмоқда, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатилмоқда. Шу пайтгача уларнинг 4400 нафардан ортиғи ишга жойлаштирилган бўлса, 410 нафар ёшлар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлардаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида бугунги кунда талаб юқори бўлган касбларни ўрганмоқда.
Ишсиз ёшларнинг 213 нафари қурилиш отрядларига жалб қилинган бўлса, 800 нафардан ортиқ йигит-қизларга имтиёзли кредит ажратилиб ёки зарур шароит яратиб берилди ва улар мустақил равишда тикувчилик, қандолатчилик, қурилиш материаллари ёки озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмоқда.
Худди шундай 700 га яқин ёшлар хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича иш бошлади. Чунки, айни пайтда ҳар бир маҳалла, қишлоқда сартарош, этикдўз, телефон ва бошқа уй-рўзғор буюмлари созловчилар, автомобилларга техник хизмат кўрсатувчилар, чилангарлар хизматига эҳтиёж жуда юқори. Лекин бу ишлар билан шуғулланадиганлар кам. Ишсиз ёшларга ана шу касб-ҳунарлар ўргатилиб, улар бу соҳада фаолият юритиб, доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш учун жуда катта имкониятлар бор. Уларга чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиши ёки томорқа хўжалигида ишлаши учун имтиёзли кредитлар ажратиш мумкин. Ва ҳозиргача 200 дан ортиқ йигит-қизлар бу имкониятга эга бўлди. Бугунги кунда туманларда аҳолини камбағалликдан чиқариш ва иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган кооперативлар орқали ёшларга ҳам 1 гектаргача ер майдонлари ажратилмоқда. Албатта, бу каби чоралар тез орада ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда банд бўлмаган ёшларнинг 168 нафарини афв этилган ва жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келганлар ташкил этади. Ҳозиргача уларнинг 23 нафари ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 419 нафар имконияти чекланган ишсиз ёшларга ҳам уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайдиган ишлар таклиф этилмоқда, ижтимоий ҳимоялаш чоралари кўриляпти. Бундай йигит-қизларнинг 12 нафари айни пайтда ўз доимий иш ва ҳунарига эга.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусдан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ. Ушбу йўналиш бўйича ҳам вилоятда ногиронлиги бўлган ёки нотинч, кам таъминланган оилада ўсаётган қизлар, оғир турмуш шароитидаги ёш оилалар билан ишлаш, бундай хотин-қизларни ишга жойлаштириш юзасидан манзилли иш олиб борилмоқда. Бу борада вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда бандлик бош бошқармаси томонидан 2020 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, 557 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ёш хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди ва уларга зарур ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.