Эронда милоддан аввалги биринчи минг йилликка оид артефакт мусодара қилинди
Эрон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари мамлакат ғарбий қисмидаги Хуррамобод шаҳрида палеолит давридан Ислом давригача бўлган кўп миқдордаги археологик артефактни топган.
Лористон вилояти полицияси қўмондони маълум қилишича, амалиёт тарихий ва маданий аҳамиятга эга буюмлар ноқонуний ташилиши ва савдосига қарши курашиш бўйича давлат дастури доирасида ўтказилган. Тергов давомида қадимий буюмлар хусусий уйда сақлангани аниқланган.
Тинтув натижасида 193 қадимий ашё мусодара қилинди. Тўпламни ноқонуний сақлашда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди ва унга қарши жиноий иш қўзғатилди.
Топилган юк Ислом Республикаси маданий мерос соҳаси мутахассисларига топширилди. Энди бронза даври ва милоддан аввалги биринчи минг йилликка оид ҳар бир буюмнинг аниқ келиб чиқиш санасини белгилаш, ҳақиқийлигини тасдиқлаш ва тарихий қийматини аниқлаш учун кенг қамровли текширув ўтказилади.
С.Раҳимов, ЎзА