Эронда интернет қайта тикланади
Эрон президенти Маъсуд Пезешкиён мамлакатда халқаро интернетга киришни тиклашни буюрди, дейилади DW тарқатган хабарда.
Бу ҳақда 25 май куни Эроннинг давлатга қарашли Fars агентлиги ҳам хабар берган. Маълум қилинишича, мазкур қарор аввалроқ интернетдан фойдаланишни аҳоли учун қайта очишни маъқуллаган махсус ишчи гуруҳ қарори ортидан қабул қилинган. Рақамли чекловларни қачон бекор қилиш бўйича аниқ муддатлар ҳозирча айтилмаган.
Глобал интернетга кириш Эрон ҳукумати томонидан АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан сўнг, 28 февраль куниёқ тўсиб қўйилган эди. Шундан кейин 90 миллионлик Эрон аҳолиси фақат давлат томонидан тасдиқланган сайтларга кириш имконини берувчи миллий интернетдан фойдаланиши мумкин бўлган.
Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан аввал ҳам Теҳрон ҳукумати 2026 йил январ ойидаги ҳукуматга қарши намойишлар пайтида интернетни ўчирган эди. Интернетнинг ўчирилиши жиддий ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келди. Хусусан, онлайн савдо билан шуғулланувчи тахминан 1 миллион эронлик чекловлардан зарар кўрган ва уларнинг даромадлари кескин камайиб кетган.
Эрон ҳукумати интернет чекловини миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур бўлганини таъкидлаган. Бироқ кузатувчиларнинг фикрича, чекловлар Теҳроннинг уруш оқибатида етказилган зарарнинг ҳақиқий кўламини яшириш истаги билан боғлиқ.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/jaCG_pVstPo?si=E2M606DEGfHRx2RQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА