Эрон Украинадан товон талаб қилди
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига 28 июль куни ўзининг “X” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эронлик ҳамкасби Аббос Арақчи билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Украинанинг барча ҳарбий ҳаракатлари фақатгина Россия тажовузидан ҳимояланишга қаратилган бўлиб, Киев ҳеч қачон тинч аҳоли ёки фуқаролик кемаларини нишонга олишни мақсад қилмаган.
Украина дипломати Эронни вазиятни кескинлаштирувчи хатти-ҳаракатлардан тийилишга ҳамда РФни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди. Ўз навбатида, Аббос Арақчи ҳам ушбу суҳбат юзасидан муносабат билдирди. У Ислом Республикаси вазиятнинг мураккаблашиши тарафдори эмаслигини, лекин ўз фуқаролари ёки манфаатларига қарши қилинган ҳар қандай ҳужумни қабул қила олмаслигини таъкидлади ва етказилган зарар қопланишини талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни Эрон Каспий денгизидаги ўз савдо кемасига уюштирилган ҳужумда Украинани айблаган эди. Теҳрон маълумотига кўра, кемадаги портлаш оқибатида бир денгизчи ҳалок бўлган, яна бири эса жароҳат олган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодисани БМТ низомининг бузилиши деб баҳолаб, мамлакат Россия ва Украина ўртасидаги низога алоқадор эмаслигини билдирган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА