Эркинлиги чекланган шахсларнинг шароити қандай?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоятдаги бир қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Унда жамоатчилик гуруҳлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари қатнашди.
Гуруҳ аъзолари дастлаб Қоровулбозор туманидаги 17-сон жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.

– Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида омбудсман қийноқларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари тизимини йўлга қўйиш белгиланган, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, минтақавий вакил Абира Ҳусейнова. –Мониторинг ташрифида маҳкумларнинг сақлаш шароитлари, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларга нисбатан муносабат ва муомала ҳолатлари ўрганилди.
Маълум бўлишича, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган 2 мингга яқин маҳкумнинг мингдан ортиғи ишга яроқли. Уларнинг 85 фоизи Жиноят-ижроия кодексига кўра, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинган. Колониянинг ишлаб чиқариш объектларида мебель ишлаб чиқариш, ёғочга ва темирга ишлов бериш, ғишт ишлаб чиқариш, тош кесиш, мозаика ишлаб чиқариш ва тикув цехлари ишлаб турибди. Маҳкумлар билан суҳбат давомида улар ишлаш ва ўз вақтида дам олиш учун шароитлар борлиги, иш ҳақлари ҳисоб рақамларига ўз вақтида ўтказилаётганини билдирди.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари ногиронлиги бўлган маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. 2022 йилда омбудсман томонидан масъул идоралар билан ҳамкорликда қийноқларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан натижадорликка эришиш, шунингдек, ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга (маҳбусларга) яратилган шарт-шароитларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатнинг ижроси бўйича колонияга кириш жойига тегишли стандартга мувофиқ пандуслар ўрнатилган, кутубхоналар Брайл алифбосидаги китоблар билан бойитилган, ювиниш хоналарида ҳам махсус шароитлар яратилган.

Шунингдек, колонияда 32 нафар ногиронлиги бор маҳкум жазо муддатини ўтамоқда. Уларнинг 1 нафари мустақил ҳаракатлана олмайди. Шунинг учун унга алоҳида маҳкум бириктирилган ва ушбу бириктирилган маҳкумга ойлик маоши тўлаш йўлга қўйилган. Ушбу амалиёт омбудсман ташаббуси билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га асосан жорий этилган.
Мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. 20 нафарга яқин маҳкумнинг мурожаатлари қабул қилинди.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари 1-сон жазони ижро этиш колониясига ҳам мониторинг ташрифини амалга оширишди. 1,5 минг нафардан ортиқ маҳкумга мўлжалланган ушбу колонияда 900 нафарга яқин шахс жазо муддатини ўтамоқда. Колонияда 8 та ишлаб чиқариш цехи мавжуд. Ишга яроқли маҳкумларнинг 80 фоизи ушбу цехларда фойдали меҳнатга жалб этилган.
Муассасада омбудсман тавсиясига кўра, маҳкумлар учун барча шароитга эга бўлган замонавий жиҳозланган узоқ муддатли учрашув маскани фойдаланишга топширилган.

Шунингдек, омбудсман ходимлари ва жамоатчилик гуруҳлари аъзолари 4-сон тергов ҳибсхонасида яратилган шароитларни ҳам ўрганди.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларнинг ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири