Эркин Воҳидов: “Ёшлик девони”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” китоби ўтган асрнинг иккинчи ярмида – 1969 йили нашр бўлган ва миллионлаб шеърхонлар қалбини забт этган эди. Орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтиб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида улуғ шоирнинг “Ёшлик девони” номли шеърлар тўплами яна нашр бўлди.
Эркин Воҳидов замонавий ўзбек шеъриятининг энг пешқадам, ёрқин сиймоларидан бири ҳисобланади.
Шоир ижоди аввалбошдан ўзининг икки муҳим жиҳати билан ўзига тенгдош шоирлар ижодидан ажралиб турарди. Аввало, Эркин Воҳидов деганда кўз ўнгимизда мумтоз адабиётимизнинг минг йиллик гўзал ва бой анъаналарини янги поғонага кўтара олган донишманд сўз заргари ва айни пайтда жуда замонавий шоир пайдо бўлади.
“...халқимиз Навоий ва Фузулийлар, Ҳофиз ва Бедилларнинг гўзал ва теран ғазалларини билади. Унинг аруз вазнига диди ана ўшаларни ўқиб тарбия топган. Шу сабабдан жўн ва саёз мисраларнинг халқимиз орасида эътибор топмаслиги табиий.
Аруз адабиётнинг, умуман санъатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади” деб ёзган эди улуғ шоирнинг ўзи. Шоир “Ёшлик девони” дебочасида шундай ёзади:
Истадим сайр айламоқни
Мен ғазал бўстонида.
Кулмангиз, не бор сенга деб
Мир Алишер ёнида.
Шеърият дунёси кенг,
Гулзори кўп, бўстони кўп,
Ҳар кўнгил арзини айтур
Неки бор имконида... Табиийки, шоир Девон тартиб бераётганида Ҳазрат Алишер Навоий ижодига чексиз муҳаббати ўлароқ улуғ шоир руҳи олдида шогирдлик ҳисоботини берган. Чунки у катта синов олдида турганини, ғоят нозик ишга қўл ураётганини дил-дилдан ҳис қилиб турган. Шунинг учун ҳам “устимдан кулишга ошиқманг” дея ўқувчисига ботиниб айта олган эди. Собиқ шўро даври мафкураси ғазал ва мумтоз адабиётга дахлдор жанрларни "эскилик сарқити", йўқ бўлиб кетишга маҳкум шеърий жанрлар деб қарар ва тарғиб қиларди.
Эркин Воҳидов ўзининг дилбар ғазаллари, хусусан, “Ёшлик девони” билан камситиб келинган ушбу жанрнинг жозибадорлигини, қалбга яқинлигини, ҳаётийлигини исботлаб берди.
Шоир ғазаллари жуда равон, халқчил ва жарангдор эди. Девондаги аксар ғазаллар ватанпарварлик, соғинч ва севги туйғулари билан йўғрилгани учун деярли ҳаммаси санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.
Ўзбек халқининг ўз адабий илдизларига, қадриятларига ва она тилига бўлган ҳурматини уйғотишда ушбу девон беқиёс роль ўйнаганига шубҳа йўқ.
Эркин Воҳидовнинг ушбу девони нафақат ўз даври учун, балки бугунги кун ёшлари учун ҳам нафосат, гўзаллик ва юксак адабий дид мактаби бўлиб хизмат қилгуси.
Қўниб гул узра булбул
Ишқ китобини варақлабдур.
Юмуқ тонг кўзлари
Ўтлиқ навосидан чароқлабдур.
Паридек нозу истиғно этиб,
Тонг лола рухсорин
Ювиб шабнам билан
Бир томчи шабнамдек яроқлабдур.
Шафақ кўзгусида
Ўз ҳуснига ошиқ бўлиб боқмиш
Ва тоғларни тароқ айлаб,
Сочи заррин тароқлабдур.
Париваш юзи жабридан
Кўзим арз айласа тонгга,
У ҳам кўзим қаролаб,
Ул пари юзини оқлабдур.
Фироғида куйиб дерман:
У қайси сирли қудратким,
Уни менга яқин айлаб,
Мени ундан йироқлабдур.
Ажаб, тонг хобида Эркин
Кўрибдур ёрини, эвоҳ,
Кўз очса ёри йўқ,
Икки қўли ёстиқ қучоқлабдур...
Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” тўплами азиз китобхонларнинг қалб жавонидан муносиб ўрин олгусидир.
А.Нарзуллоев, ЎзА