Ер майдонлари: муаммолар ва ечим
Вакил девонининг Навоий вилояти ходимлари томонидан ўрганилган мурожаатларнинг 25 фоизи ер, 20 фоизи молия ва солиқ, 17 фоизи эса банк ва кредит масалаларига тааллуқли эканлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби белгиланди.
Ҳужжатга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Навоий вилоятида фаолият юритувчи ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ижобий ҳал этишга, давлат органлари фаолиятида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлашга ва тадбиркорлар фаолиятида текшириш амалга оширилаётган жараёнда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вакил девонининг Навоий вилояти ходимлари томонидан ўрганилган мурожаатларнинг 25 фоизи ер, 20 фоизи молия ва солиқ, 17 фоизи эса банк ва кредит масалаларига тааллуқли эканлиги маълум бўлди.
Жумладан, Кармана туман ҳокимининг 2019 йил 23 октябрдаги Қ-1613-сонли қарорига асосан тумандаги “Кармана Асқар” ҳамда “KARMANA ZAFAR BARAKA” фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага берилган ер майдони амалдаги меъёрий ҳужжатларга зид равишда, тадбиркорларнинг розилиги ёки суднинг қарорисиз олиб қўйилган.
Вакил томонидан ҳар иккала фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб, туман маъмурий судига киритилган даъво аризалари натижасида фермер хўжаликларига тегишли бўлган ер майдонлари қайтариб олиб берилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясидадир.
Комил КУЛИЕВ,
Вакил девонининг Навоий вилоятида фаолият
юритувчи етакчи инспектори