Enter Engineering Pte. Ltd. ўзининг муассасаларидан бирида содир бўлган воқеа ҳақида маълумот берди
Эрталаб соат 9:00 дан бошлаб қурилиш майдонида вазият барқарорлашди ва оммавий иш ташлаш тўхтатилди.
Бугун, 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Enter Engineering компанияси ишчилари акс этган видео эълон қилинди. Видеода компаниянинг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчи-ходимлар томонидан норозилик уюштирилиб компания мулкига зарар етказилган.
Ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган, дейилади Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда.
Ишчиларнинг норозилиги бош пудратчилар (Enter Engineering, Hyundai Engineering) шу жумладан Буюртмачи (Uzbekistan GTL) офис биноларининг дераза ойналари, офис жиҳозларини синдириш, шунингдек, бошқа вақтинчалик бино ва иншоотлар (ошхона, омборлар, назорат пунктлари ва бошқалар) бузилишига олиб келди.
Эрталаб соат 9:00 дан бошлаб қурилиш майдонида вазият барқарорлашди ва оммавий иш ташлаш тўхтатилди. Ҳозирда “Uzbekistan GTL” мутахассислари қурилиш майдончасидаги бузилишлар ва келтирилган зарарлар миқдори текширилиб, тизимдаги носозликлар бартараф этилмоқда.
Айни пайтда, техник ходимлар ишчи гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда. Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Enter Engineering Pte. Ltd” раҳбарияти тафсилотларини билиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун воқеа жойига учиб кетди.