Енгил саноат ривожланиш йўлида
Мустақиллик йилларида енгил саноат мамлакатимиз макроиқтисодий комплексида мустаҳкам ўрин эгаллади.
Мустақиллик йилларида енгил саноат мамлакатимиз макроиқтисодий комплексида мустаҳкам ўрин эгаллади.Чет эл инвестициялари ва замонавий технологияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган самарали лойиҳалар ишлаб чиқариш соҳасида юқори кўрсаткичларга эришишни таъминлаётир.
Мустақиллик йилларида тармоққа 2,5 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб этилиб, 200 дан зиёд йирик инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти корхоналари томонидан қиймати 31 триллион сўмликдан зиёд саноат маҳсулотлари, 13 триллион сўмликдан ортиқ халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди. Корхоналарда пахта калава ва газлама, тўқимачилик матолари, тикувчилик ва пайпоқ буюмлари, ип калава, тайёр кийимлар билан бирга тиббиёт учун мўлжалланган маҳсулотлар ва махсус кийимлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятида жорий йилнинг 9 ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,5 фоиз, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш 23 фоизга ўсди.
Бугунги кунда жамият таркибига замонавий техника билан таъминланган 380 дан ортиқ тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж, шунингдек, шойи маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар киради. Уларнинг қарийб 360 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектидир. Ушбу корхоналар ип калавадан тортиб тайёр буюмгача бўлган кенг турдаги маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бермоқда. Замонавий дизайн ва юқори сифат ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаб, уларнинг халқаро бозорда муносиб ўрин эгаллаши учун имконият бермоқда.
– Ривожланишнинг асосий омилларидан бири ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг жаҳон бозорига экспорт қилинишидир, – дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари Аваз Муҳиддинов. – Айни пайтда жамият корхоналари ўз маҳсулотларини дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатига экспорт қилмоқда.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, шу йилнинг ўтган уч чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 триллион сўмдан ортган, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш эса 1,2 триллион сўмни ташкил қилган. Айни пайтда ип ва газлама, трикотаж мато ва ундан тайёрланган буюмлар, нотўқима материаллар, хом ипак каби асосий турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ўсди.
Бугунги кунда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни халқаро бозорларга чиқариш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хорижий шерикларни жалб этиш “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятининг муҳим вазифаларидан биридир. Буларнинг барчаси мамлакатимиз енгил саноатини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш имконини беради.
Мамлакатимизда бу соҳани янада ривожлантириш мақсадида сифат ўзгаришларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, тўхтаб қолган эски ип-йигирув комбинатлари ўрнига замонавий технологиялар билан жиҳозланган хорижий ва қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Кўплаб тармоқ корхоналари модернизация қилинди, уларда жаҳон андозалари даражасидаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Тармоқда фаолият кўрсатаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган имтиёз ва преференциялар уларнинг ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашига имкон яратмоқда.
“Asaka textile production” корхонасида бўялган ип калава, “Indorama Kokand textile” қўшма корхонасида ип калава ишлаб чиқаришнинг тўртинчи босқичи, “Jizzax grant textile” корхонасида пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби янги қувватлар фойдаланишга топширилгани бунинг яққол далилидир. Шунингдек, “Uztex Toshkent” ва “Ҳумо тўқимачи” корхоналарини модернизация қилиш ишлари якунига етказилди.
Тармоқда спорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда 57 корхонада 60 дан ортиқ турдаги спорт буюмлари ишлаб чиқарилаётир.
Чет эл инвестицияларини жалб этиш, янги қўшма корхоналар ташкил қилиш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мамлакатимиз енгил саноатини ривожлантириш имконини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида соҳага 153,7 миллион АҚШ доллари жалб қилинди. Бунинг самарасида 25 инвестициявий лойиҳа амалга оширилиб, 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Пахта толасини чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали юртимизда енгил саноат тармоғини янада ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар ишлаб чиқилаётир. Жумладан, юртимизда қабул қилинган 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш дастури асосида тўқимачилик саноатида умумий қиймати қарийб бир миллиард долларга тенг бўлган 77 муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.
Тармоқни янада ривожлантириш мақсадида 2017-2021йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида умумий қиймати 2,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 140 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда қиймати 90 миллион долларга тенг 25 янги саноат корхонаси ишга туширилди.
Енгил саноат корхоналари маҳсулот экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу йилнинг ўтган 9 ойида экспорт ҳажми 767,3 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,9 фоиз кўпдир. Ўтган даврда экспорт қилувчи корхоналар сони 38 тага кўпайиб, 250 тага етди.
Бугунги кунда жамият корхоналари экспорт қилинаётган тайёр маҳсулотлар турини кенгайтириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, тармоқ корхоналари экспорти таркибига олачипор, зич тайёрланган ва бамбукли ип, тайёр тўқув-трикотаж буюмларининг янги моделлари, ётоқхона ва ошхона чойшаблари, ёрлиқлар, поплин, сатин ва пахмоқ газламалар, болалар кўйлаги ва бошқа янги турдаги маҳсулотлар киритилди. Бозор талаблари инобатга олинган ҳолда, тикувчилик-трикотаж буюмлари тури янгиланди. Бугунги кунда умумий экспорт ҳажмида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар улуши 42 фоизни ташкил этмоқда.