Энг йирик саноат корхоналарига ташриф
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан Қашқадарё вилоятидаги Шўртан, Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” фаолиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган пресс-тур ташкил этилди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан Қашқадарё вилоятидаги Шўртан, Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” фаолиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари 27-29 февраль кунлари Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида углеводород хом ашёсини қазиб олишни янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар билан танишишади.
Тадбир Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига ташриф билан бошланди.
Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси – Ўзбекистонда нефт ва газ соҳасида етакчи ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиб, ташкилий жиҳатдан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи ишлаб чиқариш бўғинларидан бири ҳисобланади.
Бошқарманинг асосий ишлаб-чиқариш фаолияти газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш, нефт қазиб олиш, барқарорлашган газ конденсати ишлаб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш, олтингугурт ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг табиий газни қайта ишлашнинг асосий технологик қурилмалари Бош Иншоот ҳудудида жойлашган бўлиб, ер майдони 140 гектардан ортиқроқни ташкил этади.
Ҳозирги кунда Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли 12 та газ конлари мавжуд бўлиб, уларнинг 11 тасидан (“Шўртан”, “Жанубий Тандирча”, “Бузахур”, “Шарқий Бузахур”, “Чунағар”, “Тарнасой”, “Номозбой”, “Зафар”, “Ойдин”, “Топичаксой”, “Ёрмоқ”) газ ва газконденсати қазиб чиқаришда фойдаланилмоқда.
“Шўртан” Бош Иншооти газни тайёрлаш ва қайта ишлаш қурилмаларида Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли газ конларидан ташқари “Гиссарнефтегаз”, “Epsilon Development Company” ҳамда “Лукойл-Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ қўшма корхоналари томонидан етказиб берилаётган табиий газ ҳам қайта ишланади.
2019 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ умумий режа кўрсатгичларининг бажарилишида Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг улуши, газ қазиб чиқариш бўйича 26,8 фоизни, нефт қазиб чиқариш бўйича 30,6 фоизни, конденсат ишлаб чиқариш бўйича 25,5 фоизни, пропан-бутан аралашмасини ишлаб чиқариш бўйича 35,7 фоизни, олтингугурт ишлаб чиқариш бўйича 0,6 фоизни ташкил қилди.
Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ишлатилаётган мавжуд технологик қурилмалар бир неча ўн йиллардан буён ишлатилиб келинаётганлиги сабабли уларни реконструкция қилиш, технологик жиҳатдан янгилаш, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида бир қанча инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмаси 3/1,2,5-навбатлари”, “Амин ёрдамида газни тозалаш қурилмаси 1,2-навбатлари”, “Цеолит ёрдамида газни тозалаш қурилмаси”ни модернизация қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
“Номозбой” газ конденсат кони пресс-тур иштирокчиларига катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур конда иш 2014 йил август ойида бошланган. Коннинг узунлиги 4,8 километр, эни 3,5 километр, баландлиги 198 метр. Айни пайтда бу ердаги 5 та қудуқдан бир кунда 50 минг метр куб газ ва 1 тонна конденсат қазиб олинаётир. Олинган табиий газ йиғув жойидаги сепараторларда тайёрловдан ўтказилади ва Шимолий Ғузор конининг 31 километрлик газ қувури билан газни сепарациялаш қурилмасига узатилади.
Қурилма сепараторларида суюқликдан қўшимча тозаланган газ “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станциясида ёки “Шўртан” сиқув компрессор станциясининг 2 ва 1-навбатларида босими оширилади ҳамда қайта ишлаш учун Бош Иншоотга узатилади.
Шу куни тадбир иштирокчилари Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли компрессор станцияси фаолияти билан ҳам танишишди. Бугунги кунда Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 3 та мажмуавий сиқув компрессор станциялари фаолият юритмоқда. Улар орқали табиий газ босими кўтарилиб бош иншоот қурилмаларига етказиб берилади.
Пресс-тур давом этмоқда.