Энг илғор тоғ ишғол гуруҳи аниқланди
Мудофаа вазирлиги “Чимён” тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказида “Энг илғор тоғ ишғол гуруҳи” мусобақаси ўтказилди. Унда ҳарбий округлар, Қуролли Кучлар академияси ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантларидан иборат жами ўн саккизта жамоа қатнашди.
Маълумки, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, қўшилма, ҳарбий қисм ва муассасаларда мутахассисларнинг назарий ва амалий кўникмаларини такомиллаштириш, шахсий таркиб ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг уюшқоқлик ва биродарлик сифатларини ошириш мақсадида ҳар йили контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ўртасида “Мен ғолиб” шиори остида Армия ўйинлари доирасида кўрик-танловлар ўтказилиб келинади.

Хусусан, “Энг илғор тоғ ишғол гуруҳи” мусобақаси мутахассислик бўйича якка ва гуруҳ таркибида махсус вазифаларни бажариш каби икки йўналишда бўлиб ўтди. Баҳсларда тоғ ишғол гуруҳлари доимий шайлиги, сафарбарлиги, тезкор жанговар ҳаракатлар ва махсус тадбирларни олиб боришдаги ҳаракатлари уюшқоқлигини таъминлаш, тоғ ҳудудларида вазифаларни бажариш ва махсус тадбирларни амалга оширишда ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик даражасини, оғир жисмоний ва руҳий қобилиятини баҳолаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, Махсус операция бўлинмалари йўналишида фахрли биринчи ўринни Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм жамоаси қўлга киритди. Учинчи ўрин эса Шарқий ҳарбий округнинг яна бир жамоаси ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм жамоасига насиб этди.

Разведка ва олий ҳарбий таълим билим юртлари бўлинмалари йўналишида фахрли биринчи ўринни Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм жамоаси, иккинчи ўринни Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм жамоаси қўлга киритди. Учинчи ўринга Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ва Шимолий-ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм жамоалари муносиб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Мусаев,ЎзА.