Энергияга айланаётган чиқинди
Кечагина экологик муаммо сифатида баҳоланган маиший чиқиндилар бугун иқтисодий ресурсга айланмоқда.
Жиззах вилоятида амалга оширилаётган янги лойиҳа ана шу янгича қарашнинг амалий ифодасидир: чиқиндихонада ҳосил бўладиган газни йиғиб, уни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни бошланди. Бу ташаббус нафақат ҳудуд экологик ҳолатини яхшилаш, балки энергия самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қадамдир.
Шароф Рашидов тумани “Ғозғонтепа” маҳалласи ҳудудида жойлашган, 26,5 гектар майдонни эгаллаган маиший чиқинди полигони ҳар куни ўртача 300–350 тонна чиқиндиларни қабул қилади. Органик қолдиқлар чириш жараёнида метан ва бошқа газлар ажратади. Илмий манбаларда қайд этилишича, метаннинг иссиқлик миқдори карбонат ангидридга нисбатан бир неча баробар юқори. Шу боис ривожланган давлатларда полигон газини атмосферага чиқариш ўрнига уни махсус қувурлар орқали йиғиб, энергия манбаига айлантириш амалиёти кенг йўлга қўйилган.
Жиззахдаги лойиҳа ҳам айнан шу илғор тажрибага таянади. У Korea Engineering Consultants Corp. (KECC) ҳамда “Geotech Engineering & Design Group” иштирокида амалга оширилмоқда. Жанубий Кореянинг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти — KEITI билан 2021 йил 2 декабрь куни имзоланган меморандумга мувофиқ, 2026 йилга қадар вилоят шаҳар ва туманларида чиқиндиларни барқарор утилизация қилиш инфратузилмасини шакллантириш, чиқиндини ёқиш заводи ва қайта юклаш станцияларини барпо этиш, амалдаги полигонларни оптималлаштириш вазифалари белгилаб олинган эди. Бугунги амалий ишлар ана шу келишувнинг изчил давомидир.
Инвестор сифатида Корея экологик корпорацияси — K-ECO томонидан 6,6 миллион АҚШ доллари грант маблағи ажратилган. Лойиҳа доирасида чиқиндихона газини ёқиш орқали кунига 500 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу кўрсаткич ҳудуддаги энергетик таъминот барқарорлигига ҳисса қўшиши билан бирга, қайта тикланувчи ва муқобил манбалар улушини оширишга хизмат қилади.
Ташаббуснинг ҳуқуқий замини ҳам мустаҳкам. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Ғозғонтепа” маҳалласи ҳудудида чиқиндиларни бирламчи саралаш ва қайта ишлашни жорий қилиш вазифаси аниқ белгилаб берилган. Мазкур лойиҳа шу қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалий ифодаси бўлиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси дастури ижроси доирасида атроф-муҳит муҳофазаси ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича белгиланган устувор мақсадларга ҳамоҳангдир.
2025 йил 19 декабрь куни кореялик ҳамкорлар ва пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирокида грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар режаси келишиб олинди. 2026 йил январь ойида барча рухсат этувчи норматив ҳужжатлар мутасадди идоралар билан ҳамкорликда расмийлаштирилди. Лойиҳа ҳужжатлари вилоят экология бошқармаси, “Adonis Projekt” МЧЖ ва “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси ҳамкорлигида тегишли назорат органлари билан келишилди ҳамда Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг ижобий хулосаси олинди.
2026 йил 1 октябрга қадар биринчи босқич — мавжуд чиқиндиларни кўчириш, суриш ва газ сизиб чиқишини таъминловчи махсус қувурларни жойлаштириш ишлари бажарилади. Шу йил октябрь ойи якунига қадар иккинчи босқич, яъни газни йиғиш ва ундан электр энергияси ишлаб чиқариш иншоотини қуриш ишлари тўлиқ якунланади. Ноябрь ойи охирида объект синов тариқасида ишга туширилиб, декабрь ойида тўлиқ қувватда фаолият бошлаши режалаштирилган.
[gallery-27799]
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, иншоот ишга тушгач, камида 30 йил давомида чиқинди газидан барқарор равишда электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу атмосферага чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш, санитария ҳолатини яхшилаш ва ҳудудда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, полигон газини утилизация қилиш тизими жорий этилган ҳудудларда иссиқхона газларининг чиқиндилари сезиларли даражада камаяди, ер ва ҳаво ифлосланишининг олди олинади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА