Энергия таъминоти барқарорлиги йўлида назорат кучайтирилмоқда
Қарор ва ижро
Электр энергияси ва табиий газ таъминотининг барқарорлиги нафақат ишлаб чиқариш қувватлари, балки мавжуд тармоқларнинг техник ҳолати, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларнинг ноқонуний истеъмол қилинишининг олдини олишга ҳам боғлиқ. Шу боис энергетика тизимида мунтазам назорат олиб бориш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ёқилғи-энергетика тармоғида назорат механизмларини такомиллаштириш ва электр энергиясини етказиб беришдаги йўқотишларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ҳам шу мақсадларга қаратилган. Унда энергетика соҳасида назоратни кучайтириш, электр энергияси йўқотишларини камайтириш ва ресурслардан фойдаланишда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудларда олиб бораётган назорат тадбирлари муҳим ўрин тутади. Хусусан, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган газ тақсимлаш станциясида ўтказилган ўрганишлар давомида 7 та станциянинг техник ҳолати текширилди. Бунда кириш ва чиқиш қувурларининг изоляцияси, тозалаш фильтрларининг дренаж тизимлари ҳамда 30 та беркитиш мосламасининг ишлаш қобилияти назоратдан ўтказилди.
Шунингдек, 16 та газ босимини ростлаш мосламасини тафтиш ва таъмирлаш, 8 та пружинали сақловчи клапанни созлаш ва тамғалаш ҳамда 8 та одоризация қурилмаси тизими кўздан кечирилди. Бундай текширувлар мавжуд носозликларни ўз вақтида аниқлаш, газ тақсимлаш станцияларининг техник созлигини таъминлаш ва таъминотда узилишлар юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади.
Электр тармоқларидаги технологик йўқотишларни камайтириш ҳам назоратнинг муҳим йўналишларидан биридир. Шу мақсадда Сирдарё вилоятининг Оқолтин ва Сирдарё туманларидаги электр тармоқлари ҳамда қурилмалар ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган ишларни бажариш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Назорат тадбирларининг яна бир муҳим йўналиши энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашдан иборат. Афсуски, айрим истеъмолчилар томонидан ҳисоблагичдан ташқари яширин тармоққа уланиш орқали электр энергияси ва табиий газдан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Масалан, “Ўзэнергоинспекция” ва "Ҳудудгаз Қашқадарё" газ таъминоти филиали ҳамкорлигида Қарши шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида "I." оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш масканида ҳисоблагичдан ташқари яширин тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланилаётгани аниқланди. Бунинг оқибатида газ таъминоти корхонасига 123 миллион сўмлик зарар етказилган.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. “Ўзэнергоинспекция” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказган назорат тадбирида "U. K." корхонасига қарашли бинода ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлди. Натижада электр таъминоти корхонасига 578 миллион сўмлик зарар етказилган.
Бу икки ҳолатнинг ўзиёқ энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш таъминот корхоналарига катта иқтисодий зарар келтиришини кўрсатади. Шу билан бирга, бундай қоидабузарликлар электр ва газ ресурсларининг ҳисобини юритиш, уларни самарали тақсимлаш ҳамда таъминот барқарорлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатади.
Энергия хавфсизлигини таъминлашда фақат қоидабузарликларни аниқлаш эмас, балки уларнинг олдини олиш ҳам муҳим. Бу борада Фарғона вилоятидаги ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар, савдо мажмуалари ва овқатланиш шохобчаларида профилактик назорат тадбирлари ўтказилди. Жумладан, бозор ва савдо мажмуаларида табиий газ, суюлтирилган газ ҳамда электр энергиясидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилиши ўрганилмоқда. Шунингдек, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, ёнғин ва электр қурилмаларидан фойдаланиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Умуман олганда, энергетика тизимининг барқарор ишлаши тармоқларнинг техник созлиги, энергия ресурсларидан қонуний фойдаланиш ва хавфсизлик талабларига риоя этилишига бевосита боғлиқ. Шунинг учун назорат тадбирлари, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва профилактик ишлар бир-бирини тўлдириши зарур.
Энг муҳими, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш фақат мутасадди ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир истеъмолчининг ҳам масъулиятидир. Қонун талабларига риоя қилиш, ноқонуний уланишларга йўл қўймаслик ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиш барқарор энергия таъминотига хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА