Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Call-марказлар фаолиятини ўрганди
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ҳамда "Ҳудудгазтаъминот" АЖдаги Call-марказлар фаолияти билан танишди.
Унда электр ва газ таъминоти соҳасида фаолият юритаётган 1154 ва 1104 Call-марказлари иши бўйича ўтказилган сўровнома натижалари кўриб чиқилди. Таҳлиллар истеъмолчиларни энг кўп қийнаётган масалаларни аниқлаб берди. Хусусан, мурожаатларнинг катта қисми электр ва газ таъминотидаги узилишлар, АСКУЭ ва АСКУГ ҳисобга олиш тизимлари билан боғлиқ муаммолар, Call-марказларга уланишдаги қийинчиликлар, мурожаатларга жавоб бериш муддати ҳамда қайта алоқа сифатини яхшилаш заруратига оид бўлган.

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖда истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, мурожаатлар ҳажмидан келиб чиқиб операторлар сонини ошириш, режали ва авариявий ўчиришлар ҳақида мобил илова орқали тезкор хабардор қилиш, электр тармоқларида юзага келган носозликлар бўйича автоматик огоҳлантириш хизматини йўлга қўйиш ҳамда мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, Call-марказлар фаолиятини замонавий хизмат кўрсатиш стандартлари асосида такомиллаштириш вазифаси белгиланди.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖда эса газ таъминоти соҳасида амалга оширилаётган рақамлаштириш ишлари, Вазиятлар маркази фаолияти ҳамда газ тармоқларини реал вақт режимида назорат қилиш имкониятлари билан танишилди. Шу билан бирга, авария ва носозликларни тезкор аниқлаш, диспетчерлик бошқарувини такомиллаштириш, сунъий интеллект асосидаги ечимлар ва янги мобил хизматларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ташинув якунида аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, истеъмолчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини мунтазам ўрганиш, улар асосида рақамли хизматлар имкониятларини кенгайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, истеъмолчилар фикри ва таклифларини инобатга олган ҳолда хизматларни изчил такомиллаштириб бориш аҳоли учун замонавий, тезкор ва сифатли сервис тизимини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА