Энергетика: тажриба, малака ва барқарорлик
Энергетика соҳасининг барқарор ва самарали фаолияти, аввало, малакали мутахассислар салоҳияти, уларнинг замонавий билим ва амалий кўникмаларига боғлиқ. Шунга кўра, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги технологияларнинг жорий этилиши ва хизматлар сифатини ошириш ходимлардан касбий билимларини мунтазам бойитиб боришни талаб этмоқда.
Шу мақсадда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимида ходимларнинг малакасини ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган ўқув-амалий машғулотлар ташкил этилмоқда.
2026 йил август ойи учун тасдиқланган режага мувофиқ, “Илмий-техник ва ходимлар малакасини ошириш маркази” филиали томонидан малака ошириш курслари ташкил этилди. Мазкур курсларда жамият тизимидаги корхона ва филиалларнинг туман ва шаҳар электр таъминоти диспетчерлари, ЭЭҲНАТ муҳандислари, шунингдек, истеъмолчилар билан ишлаш ва дебитор қарздорликни ундириш гуруҳлари раҳбарлари ҳамда муҳандислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, энергетика тизимида замонавий талаблар асосида ишлаш учун назарий билимнинг ўзи етарли эмас, уни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан, ўқув машғулотларида мутахассисларнинг иш жараёнида зарур бўладиган амалий кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, ўқув доирасида тингловчилар Яшнобод туманидаги “Олмос” нимстанциясида бўлиб, электр таъминоти жараёнлари билан бевосита танишди. Бу эса уларга назарий машғулотларда олган билимларини реал иш жараёни мисолида мустаҳкамлаш ва соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш имконини берди.
–Мазкур ёндашув ходимлар ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш билан бирга, тизимда тўпланган билим ва кўникмаларни кенг оммалаштиришга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, марказ томонидан мутахассисларнинг касбий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида онлайн ўқув-семинарлар ва тренинглар ҳам мунтазам ташкил этиляпти. Умуман олганда, ходимларнинг малакасини ошириш ва амалий тажрибасини бойитишга қаратилган бундай машғулотлар электр таъминоти хизматлари сифатини яхшилаш, замонавий иш усулларини кенг жорий этиш ҳамда энергетика тизимининг барқарор фаолиятини таъминлашда муҳим ҳисобланади, – деди жамият ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА