Энергетика соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш қандай имкониятларни очади?
Энергетика вазирлигида сунъий интеллект технологияларини энергетика соҳасида жорий этишга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Вазирлик тизимидаги мутасаддилар, тармоқ корхоналари вакиллари ҳамда ёқилғи-энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари талабалари иштирок этган ушбу тадбирда соҳада ушбу технологияларни қўллаш бўйича халқаро тажриба ва замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди.

Тадбирда “SLB” компанияси мутахассислари ўзларининг илғор тажрибаси ва замонавий ечимларини тақдим этди. Таъкидлаш керакки, “SLB” энергетика ҳамда нефть-газ соҳаси учун юқори технологияли муҳандислик хизматлари ва рақамли ечимлар ишлаб чиқувчи халқаро компания ҳисобланади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект энергетика тизимларида ишончлиликни ошириш, авариялар хавфини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда эксплуатация харажатларини қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув давомида энергетика тармоғини рақамлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини сунъий интеллект асосида оптималлаштириш, ускуналарнинг техник ҳолатини олдиндан прогноз қилиш каби йўналишлар атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, рақамли эгизаклар (Digital Twin), саноат интернети (IIoT) технологиялари, катта ҳажмдаги маълумотлар таҳлили ҳамда қарор қабул қилиш самарадорлигини оширишга доир халқаро тажриба иштирокчиларга тақдим этилди.
Таъкидланганидек, ушбу семинар таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириб, амалиётга йўналтирилган билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА