Энергетика соҳасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллаштирилмоқда
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларга самарали ечим топиш ва ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашиш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараён масъул ходимлардан нафақат соҳавий билим, балки тинглаш, мулоқот қилиш ва муаммонинг ечимини топиш бўйича амалий кўникмаларни ҳам талаб этади.
Энергетика вазирлиги тизимида мурожаатлар билан ишловчи ходимлар учун ташкил этилган икки кунлик махсус ўқув семинарида ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Президентнинг Халқ қабулхонаси ҳамда Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида аҳоли мурожаатлари билан ишлашга масъул ходимлар иштирок этди.
Семинарда ходимларнинг мурожаатлар билан ишлашдаги ёндашувларини такомиллаштириш, аҳоли билан мулоқот қилиш маданиятини ошириш ва муаммоларни ҳал этишда амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга асосий эътибор қаратилди.

Аҳоли билан ишлашда ҳар бир мурожаатга жиддий ёндашиш, фуқаронинг муаммосини чуқур ўрганиш ва унга имкон қадар самарали ечим топиш муҳим. Шунинг учун мурожаатни фақат қабул қилиш ёки унга расмий жавоб бериш билан чекланиб қолмасдан, масаланинг моҳиятини тушуниш зарур. Бу эса ходимдан масъулият билан бирга, тўғри мулоқот қила олиш ва турли вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш кўникмасини ҳам талаб этади. Семинар доирасида ходимларнинг ана шу жиҳатларини янада ривожлантириш ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Семинар давомида мурожаатлар билан ишлашнинг самарали усуллари, аҳоли билан мулоқот ўрнатиш, мураккаб ва низоли вазиятларни бошқариш ҳамда турли ҳолатларда мақбул қарор қабул қилиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, хизмат одоби, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Машғулотларда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, иштирокчилар аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятлар бўйича амалий топшириқларни бажарди. Бу эса ходимларга кундалик фаолиятида зарур бўладиган кўникмаларни янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА