Энди “светофор” эмас, “йўлчироқ” бўлади
Сўнгги йилларда қонунчилик ҳужжатларидаги баъзи тушунча ва атамаларни давлат тилида ягона шаклда қўллаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис, айрим қонун ҳужжатларида хорижий тиллардан ўзлаштирилган сўзларни давлат тилидаги муқобили билан алмаштириш таклиф этилмоқда.
Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида хорижий тиллардан ўзлашган баъзи тушунчалар ва юридик атамаларни давлат тилидаги муқобили билан алмаштириш орқали уларни ягона шаклга келтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Хусусан, амалдаги қонунларда акс этган “аванс”, “маркировка”, “маршрут”, “светофор”, “парол”, “прогрессив” сўзлари ўзбек тилидаги муқобили сифатида “бўнак” “тамғалаш” “йўналиш” “йўлчироқ”, “ўрон” ва “илғор” сўзларига алмаштирилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларидаги баъзи тушунчалар ва юридик атамаларнинг қўлланилиши борасида юзага келган ноаниқликларни бартараф этиш, уларнинг ягона шаклда қўлланилишига хизмат қилади. Шунингдек, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова, ЎзА