Эмланаётган талабалар кўрсаткичи ортиб бормоқда
Бугун дунё мутахассислари коронавирус инфекциясини вакцинация орқали енгиш мумкин, деган ягона тўхтамга келди. Чунки энг муҳим карантин талаблари – ниқобда бўлиш, масофа сақлаш, антисептик воситалардан самарали фойдаланиш каби талаблар ҳам инсонни вақтинчалик вирус юқтириб олишдан муҳофаза қилади, холос.
Буни яхши англаган Наманган СЭО ва ЖСБ ҳамда унинг туманлардаги бўлимлари мутахассислари эндиликда асосий эътиборни ҳудудларда эмлаш ишларини янада кучайтиришга қаратмоқда.
Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойидан республикамиздаги барча олий ўқув даргоҳларида дарс машғулотлари бошлаб юборилди. Бу 18 ёшдан юқори бўлган фуқаролар орасида тарғибот ишларини олиб бориш, эмлаш муолажаларини амалга ошириш учун айни муддао демакдир. Ана шунинг учун ҳам бугун соҳа мутахассислари олийгоҳларда бўлиб, кенг қамровли тарғибот ўтказиш, эмлаш ишларини янада жонлантиришга бор эътиборини қаратиб, мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланмоқда.
– Биз бошқарма ва Давлатобод туман бўлими мутахассислари билан ҳудуддаги учта олий ўқув юртида бўлиб, бу даргоҳларнинг раҳбарлари билан ҳамкорликда вакцинация ва унинг аҳамияти борасида кенг қамровли тушунтириш ишларини давом эттирмоқдамиз, – дейди вилоят СЭО ва ЖСБ мутахассиси Умидахон Ботирова. – Натижада эмланаётган талабалар кўрсаткичи кундан-кунга ортиб бораётир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА