Элликқалъада “ХДП боғи” ташкил қилинди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Элликқалъа туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бир гектар ер майдонида боғ ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, бу орқали яшил майдонларни кўпайтириш йўлида ҳамма бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқда. Лойиҳа доирасидаги хайрли ишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳам фаол иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Х.Ешимбетов, Элликқалъа тумани ҳокими С.Авезов, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши масъул ходимлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партия туман ва шаҳар кенгашлари раислари, партия фаоллари иштирок этди. Янги боққа эзгу ниятлар билан кўчат экилди.


Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бу ташаббуси юртимизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларининг юқори савияда олиб борилаётганининг яна бир кўринишидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА