Элликқалъада Абдулла Орипов бюсти очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида айни пайтда “Ақчакўл илҳомлари” республика ижодий танлови ўтказилмоқда. Танлов ёш шоирлар, ёзувчилар ва рассомлар ўртасида ташкил этилиб, иштирокчилар Ватанга муҳаббат, юртимиз табиати, бой тарихи ҳамда миллий қадриятларимизни шеърий, насрий ва тасвирий санъат орқали бадиий ифода этмоқда.
Шеърият, наср ва тасвирий санъат йўналишлари бўйича Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан жами 50 нафарга яқин иқтидорли ёш қатнашаётир.
Танлов очилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ҳамда юртимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Элликқалъа туманидаги санъат саройида Ўзбекистон шеъриятининг энг ёрқин намоёндаларидан бири, Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Давлат мадҳияси муаллифи ва жамоат арбоби Абдулла Орипов бюстининг тантанали очилиши ўтказилди.
[gallery-28631]
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Сирожиддин Саййид бошчилигида бир гуруҳ ижодкорлар шоир ҳақида илиқ хотираларни ёдга олди. Шунингдек, санъат саройида шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий адабиётлар, расмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Танлов ташкилий гуруҳи аъзолари ва меҳмонлар Элликқалъа педагогика факультетида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираси бағишлаб ташкил қилинган музейни томоша қилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА