Элликқалъа овулида элликта уй
Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган Мансурбек қишлоғини таниёлмай қолди. “Ҳойнаҳой, бошқа жойга келиб қолдим, шекилли”, деган хаёлда атрофга синчиклаб қаради. Унинг учун қадрдон бўлган “учрашув жойи” – бедапоя четидаги яккатут ўрнида замонавий уйлар қад ростлабди. Худди чизилгандай тўғри, кенг ва равон кўчалар...
Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган Мансурбек қишлоғини таниёлмай қолди. “Ҳойнаҳой, бошқа жойга келиб қолдим, шекилли”, деган хаёлда атрофга синчиклаб қаради. Унинг учун қадрдон бўлган “учрашув жойи” – бедапоя четидаги яккатут ўрнида замонавий уйлар қад ростлабди. Худди чизилгандай тўғри, кенг ва равон кўчалар...Бир йилда шунча ўзгариш. Намунавий лойиҳалар асосида элликта уй қурилиб, фойдаланишга топширилибди. Бундан аҳоли мамнун.
– Овулимиз чеккасида қисқа фурсатда янги “Иқбол” аҳоли пункти пайдо бўлди, – дейди Элликқалъа тумани “Элликқалъа” овул фуқаролар йиғини оқсоқоли Шавкат Холмуродов. – Ўтган йили элликта ана шундай шинам ва бежирим уй фойдаланишга топширилган эди. Қурилиш кўлами йил сайин кенгайиб, ҳозир бу ердаги уйлар сони 240 дан ошди.
Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самарасида қишлоқ ва овулларимиз замонавий қиёфа касб этиш билан бирга, юртдошларимизнинг турмуш тарзини, дунёқарашини ўзгартиришга хизмат қилмоқда.
– Ўғлим Азизжон учун Элликқалъа овулида қурилган уйлардан бирини олдик, – дейди Нурмамат Машарипов. – Бу уйлардаги шароит шаҳарникидан асло қолишмайди. Набираларимнинг қувончини кўриб, ўзим ҳам яшариб кетгандай бўламан. Шундай кунларга етказганига шукроналар айтаман.
Ўтган йилларда туманнинг 8 массивида 410 уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда яна 90 шундай турар жой қурилиши ишлари давом эттирилмоқда.
Замонавий уй-жойлар учун асосий қурилиш ашёси – пишиқ ғишт тумандаги “Чайка азамати” ҳамда “Гўзал” фермер хўжаликлари, “Амиробод ғишти”, “Шавкат дўст” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан етказиб берилмоқда. Қурилиш ишлари “Бўстон обод қурилиш” хусусий корхонаси, “Айт” ишлаб чиқариш савдо фирмаси, “Қирққиз махсус қурилиш”, “Хумо махсус қурилиш”, “Элликқалъа қурилиш корхонаси”, “Тезкор махсус қурилиш”, “Сарибий махсус қурилиш”, “Бўстонсувқурилиш”, “Элликқалъа электрон почта” масъулияти чекланган жамиятлари бунёдкорлари томонидан амалга оширилаётир.
Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда намунавий лойиҳалар асосида 18 массивда 668 уй қурилиши режалаштирилган. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириладиган замонавий уйлар юртдошларимизга чинакам байрам совғаси бўлади. Элликқалъа овулида элликта уй тўйи ўтказилади.