Электрон доскалар Фарғонада ишлаб чиқарилади
Жанубий Кореянинг “AHA Co., LTD” компанияси Фарғонанинг Экошаҳар ҳудудида 20 миллион доллар қийматга эга лойиҳани амалга оширмоқда.
Бу ерда ички бозор ва экспорт учун интерактив электрон доскалар (ИФПД), электромобиллар учун зарядловчи қурилмалар, тиббий жиҳозлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Кореялик инвесторнинг лойиҳани ҳаётга татбиқ этишдаги фаоллиги ва масъулияти, янги ҳамкорларни жалб этиш ҳамда инвестициявий муҳитни кенгайтириш борасидаги ташаббуслари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлиб ўтган учрашувда алоҳида эътироф этилди.
Компания раҳбари Ку Ги До экошаҳарда олиб борилаётган лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишлари якуний босқичга келганини ва ишлаб чиқариш корхонаси сентябрь ойида ишга туширилишини маълум қилди. Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларига грант маблағларини жалб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Мулоқот давомида лойиҳани якунлаш ва ишга тушириш билан боғлиқ айрим масалалар кўриб чиқилди.
Яқин кунларда мамлакатимиз мактаблари учун электрон доскалар Фарғонада ташкил этилган янги корхонада ишлаб чиқарилиб, таълим муассасаларига етказиб берилади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири