Электромобиль олмоқчи бўлганларга кредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади
Электромобиль харид қилишни режалаштираётган фуқаролар учун янги молиявий қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилмоқда. 2026 йил 1 августдан бошлаб белгиланган шартларга жавоб берадиган автокредитлар бўйича дастлабки икки йилда кредит фоизининг 16 фоиздан ошадиган қисми, бироқ 8 фоиз бандигача бўлган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.
Аҳолига электромобиль сотиб олиш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, белгиланган талабларга жавоб берадиган электромобилларни харид қилиш учун олинган автокредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисми давлат томонидан компенсация қилиниши таклиф этилмоқда.
Янги механизм аҳолининг электромобиллардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, экологик тоза транспорт воситаларига бўлган талабни рағбатлантириш ҳамда уларни харид қилишдаги молиявий юкни камайтиришга қаратилган.
Кредит миқдори ва электромобиль қиймати қанча бўлади?
Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб жисмоний шахсларга бирламчи бозордан электромобиль сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан 300 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда автокредит ажратилиши назарда тутилмоқда. Бунда харид қилинадиган электромобиль қиймати БҲМнинг 1000 бараваридан ошмаслиги керак.
Кредит фоизининг қанча қисми қопланади?
Таклиф этилаётган механизмнинг асосий жиҳати — кредитнинг дастлабки икки йили давомида фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш кўзда тутилган. Хусусан, кредит фоиз ставкасининг 16 фоиздан ошадиган, бироқ 8 фоиз бандидан юқори бўлмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилиши таклиф этилмоқда. Масалан, кредит ставкаси 20 фоиз бўлса, 16 фоиздан юқори бўлган 4 фоизлик қисм компенсация қилинади. Агар ставка 25 фоизни ташкил этса, 16 фоиздан юқори бўлган 9 фоизлик қисмнинг 8 фоиз бандигача бўлган қисми компенсация доирасига киради. Шу тариқа, электромобиль харид қилувчининг кредит бўйича дастлабки икки йилдаги фоиз юкини камайтириш кўзда тутилмоқда.
Кимлар компенсация олиши мумкин?
Лойиҳада компенсация олиш учун фуқароларга бир қатор талаблар қўйилмоқда. Жумладан, қарз олувчи, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, тижорат банки томонидан кредитга лаёқатли деб топилиши, мурожаат вақтида муддати ўтган кредит қарздорлигига эга бўлмаслиги, электромобилни бирламчи бозордан харид қилиши, автокредитни миллий валютада олиши керак. Шунингдек, компенсация ташқи электр манбаидан қувватланадиган, фақат электр двигатели билан ҳаракатланадиган ва ички ёнув двигателига эга бўлмаган M1 категориядаги транспорт воситалари учун ажратилган кредитларга татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Компенсация олиш учун нима қилиш керак?
Фуқаро электромобиль харид қилиш учун банкка автокредит олиш мақсадида мурожаат қилганда, зарур ҳужжатлар билан бирга компенсация олиш истагини аризада алоҳида кўрсатиши лозим. Банк фуқаронинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб, автокредит ажратиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади. Агар компенсация бериш рад этилса, банк бу ҳақда фуқарони уч иш куни ичида рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилиши керак. Шу билан бирга, компенсация ажратилиши автокредит шартномасида алоҳида кўрсатилиши ва унинг миқдори қайд этилиши назарда тутилмоқда.
Компенсация маблағи фуқарога қандай берилади?
Компенсация фуқарога нақд пул шаклида берилмайди. Лойиҳага мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги компенсация маблағларини банкнинг тегишли ҳисобварағига ўтказади. Банк эса маблағларни бир иш куни ичида қарз олувчининг кредит шартномасига мувофиқ ҳисобга олади. Демак, давлат томонидан қопланадиган маблағ фуқаронинг қўлига алоҳида пул сифатида берилмайди, балки кредит бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.
Қайси ҳолларда компенсация тўхтатилади?
Компенсацияни ажратиш белгиланган шартлар бузилган тақдирда тўхтатилиши мумкин. Жумладан, қарз олувчи кредит тўловларини уч ой кетма-кет амалга оширмаса, кредит ва унга ҳисобланган фоизлар муддатидан олдин тўлиқ ундирилса ёки тўланса, кредит шартномаси бекор қилинса ёхуд ҳақиқий эмас деб топилса, компенсация тўхтатилади. Шунингдек, қарз олувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар аниқланса ҳам компенсация бериш тўхтатилиши мумкин.
Лойиҳага кўра, 2026 йилда компенсация харажатлари республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда. 2027–2030 йилларда эса электромобиль харидини молиявий қўллаб-қувватлаш учун компенсация маблағлари аҳоли талабидан келиб чиқиб, Давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши таклиф этилмоқда. Умуман, мазкур механизм электромобиль харид қилувчиларнинг кредит бўйича фоиз юкини камайтириш билан бирга, мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш. Маматуропова,
ЎзА