“Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари ёшлар билан учрашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъуллари ҳамда Сурхондарёдаги қатор олий таълим муассасалари талабалари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида ёшларга жамғарма фаолияти, хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун яратилган имкониятлар, стипендия дастурлари ва танловларда иштирок этиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мутахассислар учун хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ имкониятлари хусусида ҳам тушунтиришлар берилди.
[gallery-31786]
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан жамғарма вакилларига бевосита мурожаат қилди. Хорижда таълим олиш учун қўйиладиган талаблар, мавжуд дастурлардан фойдаланиш ва танлов жараёнларига тайёргарлик кўриш юзасидан зарур тавсиялар олинди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг халқаро таълим ва касбий ривожланиш имкониятлари ҳақидаги билимларини кенгайтириш, хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда келгусида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган малакали кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА