Эл бошига иш тушганда
Дунё бўйлаб ёйилган коронавирус пандемияси инсоният учун катта хавф туғдириб, бутун ҳамжамиятни жиддий ташвишга солди.
Барчамизнинг бошимизга тушган синовли кунлар ота-боболар удумини қадрлаш, уларга амал қилиш кераклигини эслатди
Дунё бўйлаб ёйилган коронавирус пандемияси инсоният учун катта хавф туғдириб, бутун ҳамжамиятни жиддий ташвишга солди. Афсуски, чегара билмас, миллат танламас бу инфекция мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Кўзга кўринмас бало гарчи инсониятни бир-биридан ажратиб, эркин мулоқот қилишини чеклаб қўйган бўлса-да, барчамиздан бошимизга тушган оғир ва синовли кунларда ота-боболар удумини қадрлаш, уларга амал қилиш кераклигини эслатди.
Президентимиз юзага келган вазиятда халқимизга уч маротаба мурожаат билан чиқиб, “...синовли кунларда қаттиққўллик ва тартиб интизом бўлса, биз албатта бу офатни енгамиз. Коронавирус маҳалламизга, кўчамизга, уйимизга, оиламизга кирмаслиги учун ўзимиз масъулмиз”, деган даъватлари барчамизни огоҳликка, қатъий интизом ва улкан масъулият билан ёндошишга ундади.
Тарихдан маълумки, халқимиз кўплаб оғир ва синовли кунларни мардановор енгиб ўтган. Очарчилик, қаҳатчилик вақтида ҳам бир майизни қирқ бўлиб баҳам кўрган. Қийинчиликларни метин ирода, юксак маънавият билан енган. Юртимизда юз берган эпидемиологик вазиятга қарата айтилган “...энг катта эм дори тартиб интизом, энг катта эм дори бу — хотиржамликдир, эҳтиёткорлик, огоҳликдир”, деган сўзлар юз бераётган жараёнларда бизни яна бир бор хушёр бўлиб чуқур мушоҳада юритишга чақиради.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги эпидемиологик вазиятда авваломбор ҳамжиҳатликни, карантин қоидаларига қатьий риоя этишни оиламиздан бошлашимиз лозим. Эл бошига иш тушган шу кунларда ҳар-бир ота-она фарзанди билан бирга бўлиш, улар учун кўпроқ вақт ажратиш, энг муҳими таълим-тарбияси билан шуғулланиш учун қулай имконият мавжудлигини ҳис этиши керак. Шу сабабли синовли бу дамлардан самарали фойдаланган ҳолда уйда китобхонликни йўлга қўйган инсон оиласидаги бўш вақтини мазмунли ўтказиб, фаровон келажагимиз учун мустаҳкам пойдевор яратган бўлади.
Менга кўпдан буён бир ички кечинма сира тинчлик бермайди. Бугун куну-тун хизмат қилаётган тиббиёт, ички ишлар, фавқулотда вазиятлар ходимлари, ҳарбий хизматчилар тиним билмай пандемияга қарши курашаётган бир пайтда наҳотки, айрим юртдошларимиз карантин қоидаларини бузиб, нафақат ўз соғлиги, балки яқинларининг соғлигига раҳна солишини англаб етмаётган бўлса? Сизу-биздан кўп нарса талаб қилинмаяпди-ку?! Қатъий тартиб-интизом, карантин қоидаларига амал қилиш сўралаяпди, холос. Наҳотки, карантин қоидаларини бузаётган одамлар эпидемологик вазиятда вақтинча уйда ўтириб, инсонлар билан яқин мулоқот қилишни чеклаб туриши шунчалик қийин бўлса-я!
Кўринмас бу офат билан курашда албатта, биз ғалаба қиламиз.
Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари