ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: якдилликда ҳикмат кўп
Бухоро вилоятига жиддий зарар келтирган табиий офат, давлатимиз раҳбарининг зудлик билан воқеа жойига етиб келиши, бошлаб юборилган кенг кўламдаги ишлар вилоят аҳлини синовли кунларда янада мустаҳкам ишонч ва шижоат билан яшашга ундади.
Бухоро вилоятига жиддий зарар келтирган табиий офат, давлатимиз раҳбарининг зудлик билан воқеа жойига етиб келиши, бошлаб юборилган кенг кўламдаги ишлар вилоят аҳлини синовли кунларда янада мустаҳкам ишонч ва шижоат билан яшашга ундади.
Айни пайтда табиий офат оқибатларини бартараф этиш, турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича жараён қизғин кечмоқда.
Дастлаб кўп талофат кўрган ҳудудлардаги 34 минг 423 хонадон ҳолати ўрганилди. 23 минг 766 оилага жиддий зиён етгани аниқланди. Айни кунларда улкан қурилиш майдонига айланган Олот ва Қоракўл туманларига қурилиш, озиқ-овқат ва шу каби яшаш учун зарур маҳсулотлар етказилмоқда.
– Бу офат оқибатларини бартараф этиш учун биз – Самарқанд вилояти халқи ҳам ўз ёрдамимизни аямаймиз, – дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ўлмас Мелиев. – Биринчи босқичда Самарқанд вилоятидан Олот ҳамда Қоракўл туманига 20 тонна картошка, 4 тонна пиёз, 4 тонна сабзи, икки тонна ёғ ҳамда 2 минг дона шифер олиб келинди. Иккинчи босқичда ҳам қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиш режалаштирилган.
Бундан ташқари қўшни вилоятлардан ҳамда қўмита ва идоралардан инсонпарварлик ёрдами сифатида Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисига 76 тонна сабзавот маҳсулотлари, 34 тонна ун ва ёғ, шунингдек, 21,5 тонна шакар ва гуруч етказиб берилди.
– Президентимизнинг ўзи келиб халқимизга офатни биргаликда, ҳамжиҳатликда енгиб ўтиш юзасидан катта куч-қувват, ғайрат берди, – дейди Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов. – Шундан келиб чиқиб биз ҳам ўзимизнинг ишчи гуруҳларни тузиб 4-5 соҳа бўйича ишларни ташкил қилдик. Дастлаб, туманда электр энергияси тикланди. 50 маҳаллада талофат кўрган хонадонларни инвентаризация қилиб чиқдик ва уларга керакли қурилиш материалларини етказиш бўйича ишлар қилинмоқда.
Республика штаби Олот туманида тузилган бўлиб, бу ерда ҳар иккала туманда амалга оширилаётган қурилиш-тозалаш ишлари, уларга сарф қилинадиган қурилиш материаллари, ишчи кучига бўлган талаб ҳисоб-китоб қилиб борилмоқда. Ўтган 2 кунда вилоятга “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 50 минг шифер Олот, Қоракўл, Жондор, Пешку, Шофиркон ва Ромитан туманларига етказиб берилган.
Синовли дамларда оқибатли инсонлар, қўли очиқ ҳамюртларимиз элга қанот бўлади. Бундай юртдошларимиз ёнгинамизда.
– Мен Навоий вилоятидан келдим, – дейди тадбиркор Шербек Шарипов. – Шунақа пайтда ёрдам бериш учун иккита юк машинасида шифер олиб келдик. Иш қизғин. Бирдамликда, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб вазиятдан чиқиб кетишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Табиий офатни бартараф этишга Мудофаа вазирлиги тизимидаги кўчма воситалар, хусусан 500 ҳарбий хизматчи жалб қилинган. Улар армия ва халқ якдил эканини амалда намоён қилишяпти. Энг зарур бирламчи объектларни қуриш ва жойларни тозалаш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.
Ҳа, якдилликда ҳикмат кўп. Халқимиз буни яхши англайди ва англаш баробарида уни амалда кўрсата олади. Бу кунлар ҳам бир синов. Уни енгиб ўтиш учун эса халқимизда сабр-бардош ҳам, оқибат ҳам етарли.