Экспортёр корхоналар фаолияти божхоначилар нигоҳида
Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан экспорт ҳажмини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг божхона тизимидаги амалий муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганишга қаратилган навбатдаги сайёр учрашув “Karakul Garden Tex” МЧЖда ташкил этилди.
Учрашувда тадбиркорларга экспорт фаолиятини қулайлаштириш мақсадида жорий этилган энг сўнгги божхона енгилликлари, жумладан, “Экспорт уч қадамда” тизими бўйича батафсил тушунтириш берилди. Корхона вакиллари томонидан мазкур тизимдан фаол ва самарали фойдаланилаётгани, охирги 38 партиядан ортиқ маҳсулотлар айнан ушбу тизим орқали тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда ишлаб чиқариш жараёнидан тортиб, экспортгача бўлган босқичларда божхона билан боғлиқ муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасида муҳим тавсиялар берилди.
Бундай учрашувлар экспортёр корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.