Экспорт ва ишлаб чиқариш қуввати ошмоқда
Бухоро вилоятида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини рағбатлантириш ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини жойида ўрганишга қаратилган амалий учрашувлар изчил давом этмоқда. Айниқса, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётган маҳаллий корхоналарга яратилаётган қулайликлар экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов томонидан “Саноат гилам” МЧЖда сайёр учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт-импорт операциялари ҳамда тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, корхона томонидан 2025–2026 йиллар давомида қиймати 3,5 миллион АҚШ долларига тенг, вазни 2500 тоннани ташкил этувчи каучук ва саноат иплари гилам ишлаб чиқариш мақсадида импорт қилиниб, божхона расмийлаштирувидан ўтказилган. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётгани ва корхонанинг ички ҳамда ташқи бозордаги фаоллиги юксалаётганини кўрсатади.
Шунингдек, корхона томонидан қиймати 1,3 миллион АҚШ долларига тенг, вазни 500 тонна бўлган тайёр саноат матолари, тўқимачилик маҳсулотлари ва гиламлар МДҲ давлатларига экспорт қилингани таъкидланди. Бу натижалар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда ҳам муносиб ўрин эгаллаётганидан далолат беради.

Учрашувда божхона органлари томонидан тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ва шаффоф муҳит яратиш, экспорт-импорт жараёнларини тезкор ва енгиллаштирилган тартибда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Сайёр ўрганишлар “Жайхун” хусусий корхонасида ҳам давом эттирилди. Мебел ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона маҳсулотлари асосан ички бозорга йўналтирилган бўлса-да, учрашув давомида экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва хорижий бозорларга чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хусусан, корхона томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими асосида жорий йил апрель ойида қиймати 100 минг АҚШ долларига тенг, вазни 15 тонна бўлган мебел темир каркаслари ишлаб чиқариш учун зарур хомашё импорт қилиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилгани маълум қилинди.
Божхона масъуллари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишар экан, мазкур божхона режимининг афзалликлари, ундаги имкониятлар ҳамда амал қилиш тартиблари юзасидан батафсил тушунтиришлар берди. Шунингдек, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, экспорт фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.

Бундай очиқ ва амалий мулоқотлар тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири