Экспорт салоҳияти юксалмоқда
Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.Бунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси муҳим аҳамият каст этмоқда.
Тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни хорижда тарғиб этиш, халқаро кўргазма ва бозорларда иштирокини таъминлаш мақсадида фаолият юритаётган мазкур жамғарма кўмагида корхоналарнинг экспорт салоҳияти тобора ортмоқда. Мазкур жамғарма ёрдамида маҳсулотини ташқи бозорга олиб чиқаётган корхоналар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам талайгина.
Жамғарма ёрдамидан фойдаланган Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл тупроғи” оилавий корхонаси қовурилган кунжут етказиб бериш бўйича 448,5 минг АҚШ долларилик шартнома тузишга муваффақ бўлди. Корхона томонидан ҳозиргача 50 минг АҚШ долларилик маҳсулот хорижга экспорт қилинди.
Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот натрий сульфат” шўъба корхонаси ҳам жамғарма кўмагида ташқи бозорда ўз харидорини топди.
– Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бундай кенг имкониятлар ўз самарасини бермоқда, – дейди корхона раҳбари Ф.Тожибоев. – Маҳсулотларимизни шартнома асосида қўшни давлатларга экспорт қилмоқдамиз.