Экспорт салоҳияти янада юксалади
Андижонда фермер хўжаликларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқишга қаратилган фаол экспорт сиёсатини қўллаб-қувватлаш борасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари вазифасига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Андижонда фермер хўжаликларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқишга қаратилган фаол экспорт сиёсатини қўллаб-қувватлаш борасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари вазифасига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, туманлар фермерлар кенгашлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари, Андижон қишлоқ хўжалиги институти профессор-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида фермер хўжаликларига кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
– Бугунги тадбир фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, сотиш, экспорт қилиш борасидаги ишларни такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш имконини берди, – дейди ЎзЛиДеП Андижон вилояти кенгаши раиси Зуҳриддин Жумабоев. – Вилоятда тижорат банкларнинг 50 дан ортиқ филиали, туманларда “Агротехсервис” масъулияти чекланган жамиятлари, 146 ёқилғи ва минерал ўғит сотиш шохобчаси фаолият кўрсатмоқда. Ер майдонларини оптималлаштириш натижасида 1 минг 481 янги фермер хўжалиги ташкил этилди, 28 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
“Фермер хўжаликлари фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, уни янада такомиллаштириш истиқболлари”, “Вилоятдаги фермер хўжаликларининг ривожланиш тажрибаси, самарадорлиги ва рентабеллигини ҳисобга олган ҳолда уларни оқилона ва қулай миқдордаги ер участкалари билан таъминлаш”, “Фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини рағбатлантиришга доир устувор вазифалар” мавзуларида маърузалар тингланди.
Қўрғонтепа туманидаги “Оқсув”, Шаҳрихон туманидаги “Гулжаҳон”, Избоскан туманидаги “Жонобод чорваси” кўп тармоқли фермер хўжаликлари иш тажрибасини оммалаштириш, маҳсулотлар экспорти бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишда депутатлар иштирокини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
– Хўжалигимизнинг фаолияти йилдан-йилга кенгаймоқда, – дейди “Жонобод чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Даминов. – Сутни қайта ишлаш корхонамизда ўн турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2015 йилда қарийб 150 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот харидорларга етказиб берилди. Маҳсулотни экспорт қилиш бўйича зарур маълумотларга эга бўлишимизда бундай тадбирлар жуда қўл келади.