Эксперт: "Туркий адабиёт дурдоналари" бебаҳо хазинамиздир
ПРЕЗИДЕНТ ТАШАББУСЛАРИ – АМАЛДА
Ўзбекистонда юз жилдлик «Туркий адабиёт дурдоналари» тўплами ўзбек тилида нашр қилинди.
Хабарингиз бор, 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи арафасида ЎзА мухбири Саид Аҳмад асарларини турк тилига таржима қилиб, Анқарада нашр эттирган Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, филология фанлари доктори Хайрулла ҲАМИДОВ билан суҳбатлашди.
– Давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида сўзлаган нутқида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан ташкил топган «Туркий адабиёт дурдоналари» номли юз жилдлик тўпламни ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ташаббусини илгари сурган эди. Ана ўша ташаббус асосида илк бор Ўзбекистонда юз жилдлик «Туркий адабиёт дурдоналари» тайёрланиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида она тилимизда нашрга тайёрланди.
Жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг сара намуналари, ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман ва венгер адабиётининг 11-21 асрларга мансуб 629 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.
2022 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг 1-саммити арафасида ана шу юз жилдлик китоблар туркумининг нишона сони нашрдан чиқди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд саммитида сўзлаган нутқида ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат юз жилдлик «Туркий адабиёт дурдоналари» тўпламини ўзбек тилида нашр қилингани борасида ушбу бебаҳо маънавий хазина барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этилса, қардош элларимизни, аввало ёш авлодни ўзаро яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратилган бўлар эди, дея алоҳида таъкидлаган эди.
Мажмуанинг «Умумтуркий адабиёт намуналари» деб номланган илк 5 жилдини қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний ва Носириддин Рабғузий асарлари ташкил этган бўлса, «Ўзбек адабиёти намуналари» деб номланган 6-33 жилдларини Алишер Навоийдан бошлаб то бугунги кунга қадар қалам тебратиб келган ўзбек адабиёти намояндаларининг дурдона асарлари ташкил этади.
Қолган жилдларни эса қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларидан она тилимизга ўгириб, турли йилларда нашр этилган ва энди илк бор чоп этилаётган дурдона асарлар ташкил этади. Шунингдек, мажмуанинг 1 жилди венгер адабиёти вакилларининг турли йилларда ўзбек тилига таржима қилинган асарларидан иборат.
Ушбу бебаҳо хазина нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳанинг натижаси, шу билан бирга, она юртимизда маданият ва санъатга кўрсатилаётган муҳим эътибор, халқимизнинг қардош халқлар ва уларнинг сўз санъатига бўлган юксак эҳтироми рамзидир.
«Ўзбекистон» нашриётида чоп этилган ушбу туркумни тайёрлаш учун икки юздан зиёд таржимон, юздан зиёд адабиётшунос олим, адиб ва муҳаррир жалб қилинди.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган мамлакат ва ҳар соҳада марказий мавқени эгаллаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу нуқтаи назардан юз жилдлик китобнинг илк бор Ўзбекистонда нашр этилгани ярашиқли бўлди ва туркий давлатлар ўртасидаги мавжуд адабий алоқаларимизни янада мустаҳкамлади, деб ўйлайман.
«Туркий адабиёт дурдоналари», «Туркий дунё нигоҳи – 2040» концепцияси ва бугунги кунда қабул қилинаётган Туркий давлатлар ташкилоти беш йиллик стратегияси доирасида амалга оширилган илк қадам бўлиб, 170 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган тузилма нуфузини янада мустаҳкамлаш, қардош халқлар ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш борасидаги ниятимизнинг илк рўёбидир.
Бу каби тадбирлар халқларимизнинг улуғ ижодкорлари қолдирган бой маънавий меросни кенг тарғиб этади, балки уларни асраб-авайлашга, чуқур ўрганишга ҳам даъват қилади.
Беҳруз ХУДОЙБEРДИЕВ, ЎзА