Экологияни асраш келажакни асраш демакдир
Навоий вилояти “Интилиш ва тараққиёт” маркази жамоат бирлашмаси томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Навоий вилояти бўлинмаси томонидан молиялаштирилган “Экологик хилма-хилликни сақлаш – бурчимиз!” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Навоий шаҳри “Маърифат” маҳалласида ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларни тартибли йиғиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда аҳолининг экологик билимини бойитишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
– Маҳаллаларда тозаликни таъминлаш, чиқиндиларни белгиланган жойларда тўплаш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш экологик хавфсизликнинг муҳим шартларидан биридир, – дейди жамоат бирлашмаси раҳбари Зуҳра Каримова. – Чиқиндиларнинг тартибсиз ташланиши нафақат ҳудуд кўринишига, балки санитария ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мазкур муаммоларнинг олдини олиш мақсадида лойиҳа доирасида “Маърифат” маҳалласида иккита чиқиндихона қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ушбу чиқиндихоналар учун махсус 1100 литр сиғимли 2 дона чиқинди идишлари келтирилиб, чиқиндиларни тартибли йиғиш учун зарур шароитлар яратилди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши маҳаллада яшил ҳудудларни кенгайтириш ва дарахт кўчатларини экишдан иборат. Кўчат экиш билан бир қаторда уларни мунтазам суғориш ва парваришлаш учун шароит яратиш ҳам лойиҳанинг муҳим амалий натижаларидан биридир.
Лойиҳа доирасида аҳоли ўртасида экологияга оид тарғибот ишлари олиб борилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, чиқиндиларни тўғри ташлаш ва экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган тарқатма материаллар ҳам тарқатилди. Мазкур материаллар орқали аҳолига табиатни асраш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммоларнинг олдини олиш ва ҳар бир фуқаронинг атроф-муҳит олдидаги масъулиятини англаш муҳимлигига эътибор қаратилган.
Бундай тарғибот тадбирлари аҳолининг экологик масалаларга бўлган эътиборини кучайтириш, кундалик ҳаётда табиатга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш ва маҳалла ободончилигига дахлдорлик ҳиссини оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири