Экологик муаммолар ва илмий ечимлар муҳокамаси
Марказий Осиё атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) қошидаги Оролбўйи халқаро инновация марказида “Оролбўйи халқаро инновация маркази – минтақанинг экологик муаммоларига илмий ечим” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Семинарда Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат органлари, илмий муассасалар вакиллари ҳамда экология соҳаси мутахассислари иштирок этди. Тадбир давомида чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш, Оролбўйининг бузилган экотизимларини тиклаш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида замонавий илмий ишланмалар ва инновацион технологияларни жорий этишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар иқлим ўзгариши ва ер деградацияси бугунги куннинг энг жиддий экологик муаммоларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидладилар. Бундай шароитда деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва Оролбўйи минтақасининг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотларни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Семинарда Оролбўйи халқаро инновация марказининг амалий фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонлар Уруғлик генетик ресурслари банки фаолияти, уруғлик материаллари тўпламларини сақлаш ва бошқаришнинг замонавий тизими, шунингдек, қурғоқчилик, шўрланиш ва юқори ҳароратга чидамли ўсимликларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича илмий ёндашувлар билан танишдилар.

Семинар давомида Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш ва Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 февралдаги қарорига мувофиқ, Орол денгизининг қуриган туби ва бошқа чўл ҳудудларида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари давом эттирилаётгани таъкидланди. 2026 йилда республика бўйича 251,3 минг гектар майдонда "яшил қоплама" барпо этилди, ўрмон мелиорацияси ишларини амалга ошириш учун 912,5 тонна чўл ўсимликлари уруғи тўпланди, шунингдек, жами 137,7 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари кўчатзорлари ташкил этилди.
Семинар иштирокчилари деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, шамол эрозияси ва қум кўчишининг олдини олиш, иҳота ўрмонзорларини ривожлантириш, яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни янада кенг жорий этиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирларни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Тадбир якунида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, давлат органлари, илмий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик барқарорлигини таъминлаш учун инновацион ечимларни янада жорий этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири