Экологик маданиятни оширишда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги қанчалик муҳим?
Экологик муаммолар, иқлим ўзгариши оқибатлари авж олиб бораётган бугунги вазиятда инсониятнинг экологик масъулиятини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Аҳолининг экологик маданиятини оширишда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик экологик онгни шакллантириш ва барқарор ривожланишни таъминлашда самарали механизм ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов биз билан суҳбатимиз ушбу мавзу юзасидан бўлди.
– Сўнгги ўн йилликларда техноген (табиий) ва антропоген (инсон омили) таъсирлар остида глобал иқлим ўзгариши юз бермоқда, – дейди депутат, Ўзбекистон Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов. – Бунинг оқибатида юзага келаётган экологик муаммолар – ҳароратнинг целсий шкаласи бўйича 1,5 градусга кўтарилиб бориши, ёғингарчилик меъёрлари, сув ресурслари тарқалиш меъёрларининг ўзгариши ва камайиб бориши, табиатнинг сезиларли даражада салбий тарафга ўзгариб бориши, атроф-муҳит, айниқса, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, биохилма-хилликнинг қисқариши ва табиий ресурсларнинг камайиши инсоният тараққиёти ва саломатлигига жиддий таҳдид солмоқда. Ҳозирги глобаллашув шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари борган сари долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу ҳолат эса жамиятда экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтиришни стратегик вазифага айлантирди.
Экологик маданият – бу инсоннинг табиатга нисбатан онгли, масъулиятли ва эҳтиёткор муносабати, экологик билимлари, қадриятлари ва экологик масъулиятга асосланган хулқ-атвор мажмуаси. У жамиятнинг барқарор ривожланиш даражасини белгилайдиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шунингдек, экологик маданият инсоннинг табиат билан уйғун яшашини таъминловчи фикр, қадрият ва амалий ҳаракатлар тизимидир. У қанчалик юқори бўлса, жамиятнинг экологик хавфсизлиги шунчалик таъминланади.

– Экологик маданиятни шакллантиришда давлатнинг иштироки қанчалик муҳим?
– Дунё ҳамжамияти экологик муаммоларни бартараф этишда фақатгина давлатнинг ўзи томонидан амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар етарли эмас деб ҳисоблайди. Бу жараёнда аҳолининг экологик маданиятини янада шакллантириш, жамоатчилик фаоллигини ошириш ва турли институтлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизни барқарор ривожлантириш борасида қабул қилинаётган узоқ муддатли стратегияларимизда энг муҳим устувор йўналишлардан бири этиб экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш белгилаб олинмоқда.
Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ушбу йўналишда давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясининг фуқаролар экологик билимларини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йил 15 майда қабул қилинган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган ҳар бир вазифа ижроси таъминланишига эришилмоқда.
Аҳолининг экологик маданиятини ошириш жараёнида давлат марказий ва ҳал қилувчи субъект ҳисобланади ҳамда бу борада барча ижтимоий институтлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Самарали экологик сиёсат эса пухта ишлаб чиқилган қонунчилик базасига таянади. Шу маънода давлат экологик қонунлар, кодекслар ва меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш орқали жамиятда экологик тартиб-интизомни таъминлайди.
Шунингдек, давлат экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш орқали аҳолининг экологик маданиятини шакллантиради, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган дастур ҳамда миллий ва умуммиллий лойиҳаларни амалга оширади. Шу билан бирга, давлат назорат ва мониторинг функциясини амалга оширади. Атроф-муҳит ҳолатини доимий кузатиб бориш, экологик стандартларга риоя этилишини таъминлаш ва қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан тегишли чоралар кўриш давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бундан ташқари, давлат оммавий ахборот воситалари, интернет платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали экологик тарғибот ишларини олиб бориб, жамоатчилик хабардорлигини оширишда ҳам муҳим рол ўйнайди.
– Экологик сиёсатда ва аҳолининг экомаданиятини юксалтиришда ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари, ННТларнинг ўрни қандай аҳамиятга эга?
– Ҳозирги кунда экологик маданиятни шакллантириш фақат таълим тизими доирасида эмас, балки кенг ижтимоий ҳамкорлик асосида амалга оширилиши талаб этилмоқда. Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари бу жараёнда ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи субъектлар сифатида намоён бўлади.
Шу билан бирга, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Бунда албатта, грантлар ажратиш, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик назоратини доимий рағбатлантириш орқали давлат экологик ташаббусларни янада кенгайтириб бориши муҳим.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳолининг экологик маданиятини шакллантиришда “кўприк” вазифасини бажаради. Улар давлат сиёсатини тўлдирувчи, кенг жамоатчиликка етказиш ва аҳолининг фикрини давлат органларига олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.
Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари экологик лойиҳаларни ташкил этади, экологик ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқувчи муҳим ижтимоий куч ҳисобланади. Айнан ушбу институтлар орқали экологик ғоялар жамиятнинг энг қуйи қатламларигача етиб боради ва кундалик ҳаёт тарзига айланади. Улар аҳолининг турли қатламларини доимий равишда экологик фаолликка жалб қилиб боради. Айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва маҳаллий жамоалар билан ишлашда уларнинг имкониятлари кенг.
ННТлар инновацион ва амалий ёндашувларни жорий этиб, халқаро тажрибаларни миллий амалиётга мослаштиради. Улар жамоатчилик фикрини шакллантиради, экологик муаммоларни жойида аниқлаб, уларни ҳал этишда жамоавий ҳаракатни ташкил этади. Шунингдек, аҳолининг экологик муаммоларга оид талаб ва таклифларини давлат органларига етказади. Бу орқали экологик қарорлар қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик иштирокини таъминлайди. Шу маънода уларнинг фаоллиги жамиятда экологик онг ва масъулиятни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга ҳисобланади.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтлари соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибаларни ўрнатиш ва миллий амалиётга жорий этишда алоҳида ўринга эга.
Бир сўз билан айтганда, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари экологик маданиятни оширишда давлатнинг ишончли ҳамкори ҳисобланади. Уларнинг фаоллиги жамиятда экологик онг, масъулият ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиради. Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш, институционал салоҳиятини янада ошириш ва давлат билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш экологик барқарорликка эришишнинг муҳим шартидир.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди